Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Пахта хомашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, жаҳон бозорида пахта толасининг нархи кескин пасайиши натижасида юзага келган вазиятда пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хомашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратиш;
2024 йил учун пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида биржа савдоларида тузилган шартномалар бўйича қўшимча келишув тузиш, бунда пахта хомашёсининг сотиш нархи 6 млн 800 минг сўмдан кам бўлмаслигини инобатга олиш;
2024 йил ҳосилидан фьючерс шартномаларидан ташқари пахта хомашёсини биржа савдоларига чиқаришда унинг бошлангич нархини бир тоннаси учун 6 млн 800 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорида эълон қилиш;
2024 йилда барча ҳудудларда пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хомашёсини йиғиб-териб олиш хизмати баҳосининг 20 фоизини, бироқ 250 минг сўмдан ошмаган қисмини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш кўзда тутилган.
Мазкур қарор доирасида ажратилган субсидия биринчи навбатда пахта етиштирувчиларнинг 2024 йил ҳосили пахта хомашёсини етиштириш учун олган имтиёзли кредитлар бўйича қарздорлигини сўндиришга йўналтирилади. Юзага келадиган қўшимча харажатларини қоплаш учун Жамғармага Давлат бюджетидан 5 йил муддатга 3,5 трлн сўмгача фоизсиз бюджет ссудаси ажратилади.
ЎзА