English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта ва уруғликларини етиштирувчи субъектлар ўртасида танлов бошланди
12:39 / 2026-01-16

Пойтахтимизда Уруғчиликни ривожлантириш марказининг 2026 йил ҳосили учун уруғлик пахта етиштириш бўйича эълон қилинган танловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Уруғчиликни ривожлантириш маркази матбуот хизмати раҳбари Чарос Омонова томонидан қуйидагилар маълум қилинди.

Қайд этилганидек, 15 январдан пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштирувчи субъектлар ўртасида танловлар бошланди. Президентимиз ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилигини янада ривожлантириш, соҳада замонавий ахборот технологияларини жорий этишга қаратилган қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида муҳим жараён бошланмоқда.  

Хусусан, 2026 йил ҳосили учун пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштирувчи субъектлар ўртасида 5 февралга қадар танловлар ўтказилади.

Танлов “Э-уруғ” ахборот тизими орқали ташкил этилади. Шу муносабат билан уруғлик етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи субъектлардан белгиланган муддатларда тизим орқали аризалар қабул қилинаётгани маълум қилинади.

Мазкур танловда иштирок этишни истаган фермер хўжаликлари, кластерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа манфаатдор субъектлар белгиланган муддатда платформада рўйхатдан ўтишлари ва зарур ҳужжатларни электрон тарзда юклашлари зарур.

Танловнинг асосий мақсади – 2026 йил ҳосили учун сифати, навдорлиги ва агротехник талабларга жавоб берадиган ғўза уруғларини етиштиришда иштирок этувчи масъул ва тажрибали субъектларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уруғчилик тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.

Тегишли меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, танлов якунида ғолиб деб топилган субъектларга уруғлик пахта етиштириш учун майдонлар бириктирилади ҳамда улар устидан мониторинг ва апробация тадбирлари олиб борилади. Қўшимча маълумотлар ва платформага кириш бўйича кўрсатмалар “Э-уруғ” ахборот тизими орқали тақдим этилади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА