Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
пахта ва дон қабул қилиш ахборот тизимларининг мақсади, асосий вазифалари ҳамда техник оператор ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
пахта ва дон қабул қилиш ахборот тизимларида рўйхатдан ўтиш, электрон ҳужжатлар айланиши ҳамда техник хизматлар кўрсатиш тартиби белгилаб берилган.
Қарорга кўра, пахта ва дон қабул қилиш ҳамда унинг электрон ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ пахта ва дон қабул қилувчи корхоналар билан биргаликда пахта ва дон қабул қилиш масканларининг кузатув камералари, замонавий компьютер қурилмалари ва узлуксиз электр энергияси (қуёш панеллари, дизель ва бензин генераторлари, UPS қурилмалари) билан таъминланади.
Пахта ва дон қабул қилиш масканлари белгиланган тартибда барқарор ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади ҳамда пахта ва дон қабул қилиш жараёнларида узилишларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилиб таъминланади.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда дон қабул қилиш масканларидаги электрон тарозилар ўлчовлари ҳар йили 10 майга ва пахта қабул қилиш масканларидаги электрон тарозилар ўлчовлари ҳар йили 10 августга қадар синовдан ўтказиш тизими йўлга қўйилади.
Пахта ва дон қабул қилиш жараёнларида иштирок этувчи тарозибон, лаборатория ходимлари ва бошқа ходимларда “Agrotarozi”, “Hosil qabuli” ва “AgroDocs” ахборот тизимлари билан ишлаш бўйича кўникмалар доимий шакллантириб борилади.
ЎзА