Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва техник жиҳатдан такомиллаштириш йўлида илмий изланишлар тобора кенгайиб бормоқда.
Айниқса, пахтачилик соҳасида самарадорликни ошириш, маҳсулот сифатини сақлаш ҳамда технологик жараёнларни соддалаштиришга қаратилган ишланмалар муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти олимлари томонидан “Пахта териш машинасида пахтани ташиш учун марказдан қочма вентилятор” номли янги техник ечим ишлаб чиқилди ва ушбу ишланма учун патент олинди.
Мазкур илмий лойиҳа институтнинг “Машиналар динамикаси ва технологик жараёнлар муаммолари” лабораторияси илмий ходимлари ҳамда мутахассислари томонидан олиб борилди. Тадқиқотлар давомида пахта териш жараёнида ҳосилни ташиш тизимини янада такомиллаштириш, механик шикастланишларни камайтириш ҳамда машина самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пахта териш машиналарида ҳосилни йиғишдан ташишгача бўлган жараён технологиянинг энг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли олимлар томонидан ишлаб чиқилган марказдан қочма вентилятор асосидаги янги тизим пахта оқимини самарали ҳаракатлантириш, энергия сарфини камайтириш ва ҳосил сифатини сақлашга хизмат қилади.
Тадқиқот натижаларига кўра, универсал марказдан қочма вентилятор пахта териш машинасига ўрнатилди ва у дала шароитида синовдан ўтказилди. Синовлар Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш марказида амалга оширилди.
Синов жараёнлари ушбу тизимнинг амалий самарадорлигини тасдиқлади. Олинган натижалар асосида янги техник ечимларга эга бўлган пахта териш машиналарини саноат миқёсида ишлаб чиқариш бўйича тавсиялар берилди.
Мазкур вентилятор асосидаги пневмотранспорт тизими пахтани машина ичида тез ва самарали ҳаракатлантириш имконини беради. Натижада ҳосилнинг табиий сифати сақланиб қолади ҳамда чигитларнинг механик шикастланиши кескин камаяди.
Илмий ишланмада универсал марказдан қочма вентилятор МХ-2.4 пахта териш машинаси мисолида қўлланилди. Натижада универсал пневмотранспорт тизимига эга ярим осма машина конструкцияси яратилди. Ушбу конструкция дастлабки техник экспертизалардан муваффақиятли ўтди.
Ўтказилган синовлар шуни кўрсатдики, янги технология ёрдамида пахта ташиш жараёнида чигитларнинг механик шикастланиш даражаси 1 фоиздан кам кўрсаткичга туширилган. Бу эса пахта хомашёсининг сифатини сақлашда муҳим натижа ҳисобланади.
Универсал пневмотранспорт тизими билан жиҳозланган ярим осма пахта териш машинаси ишлаб чиқаришда қўлланилаётган мавжуд техникаларга нисбатан бир қатор устунликларга эга. Аввало, унинг самарадорлиги юқори бўлиб, ҳосилни йиғиш ва ташиш жараёнлари тезроқ ҳамда аниқроқ бажарилади.
Бундан ташқари, ушбу технология асосида яратилган машиналар хорижий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф этилаётган пахта териш машиналарига нисбатан 2,5–3 баробарга арзон бўлиши кутилмоқда.
Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта иқтисодий имконият яратади ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларининг рақобатбардошлигини оширади.
Ишлаб чиқилган марказдан қочма вентилятор тизими Тошкент трактор заводи, “БМКБ-Агромаш” ҳамда қишлоқ хўжалигини механизациялашга ихтисослашган бошқа корхоналарда қўлланиши мумкин.
Мазкур ишланма Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги техникаларини халқаро бозорга олиб чиқиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА