Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта қабул қилиш маскани очилди
15:47 / 2023-09-12

Бухоро вилоятидаги “WBM Romitex” корхонасига қарашли Шофиркон пахта қабул қилиш маскани фойдаланишга топширилди.

Туманнинг “Бобоато” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 5 гектар ер майдонига эга мазкур маскан бир йўла 12 минг тонна пахтани қабул қила олади.

Янги ташкил этилган масканда пахта хомашёсини туширувчи механизмлар, ғарам майдонлари, сув сақлаш ҳовузларининг ҳолати, 1-категорияли ёпқичлар билан таъминланиши ҳамда электр ёритгичлар ва ёнғин хавфсизлиги жиҳозларининг ишчи ҳолатда эканлиги назоратга олиниб, пункт пахта қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган. 

Агроинспекция туман бўлими назорати остида мавжуд пахта қабул қилиш масканидаги лаборатория ўлчов воситалари ва автомобиль тарозилари ўрнатилган. Давлат қиёсловидан ўтказилиб, тегишли қиёслов сертификати берилган. Шунингдек, 2023 йил пахта ҳосилини қабул қилиш даврида асоссиз чегирмалар қўлланилишининг олдини олиш мақсадида фермер хўжаликлари ва кластерлар ўртасида пахта хом ашёси лаборатория таҳлилларининг шаффофлиги бўйича доимий назоратни олиб борилади.

Очилиш маросимида туман ҳокими Алишер Файзуллоев, ҳоким ўринбосарлари, қишлоқ хўжалик ходимлари, ҳудуд, отряд раҳбарлари ҳамда фермер хўжалик раҳбарлари қатнашди. 

Йиғилганлар масканда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Масканга биринчи пахта карвони қабул қилинди. 

Меҳмонлар учун дастурхон ёзилиб, ош тарқатилди. Юртимиз тинчлиги, равнақи йўлида хизмат қилаётганлар ҳамда "оқ олтин" хирмонининг яратилишида фидокорона меҳнат қилаётган деҳқонларимизнинг юзи ёруғ бўлишини тилаб дуога қўл очилди.

Тадбирда “Муҳаббат Мироншоҳ” фермер хўжалиги пахта режасини бажарганлиги муносабати билан ёш деҳқон Мироншоҳ Облобердиевнинг меҳнати эътироф этилди. У туман ҳокимининг эсдалик совғаси билан тақдирланди. 

Маълумот учун: “WBM Romitex” пахта-тўқимачилик кластери ва Шофиркондаги 67 та фермер хўжалиги ўртасида 6 минг 842 тонна “оқ олтин” етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган.

Зариф Комилов, 
ЎзА мухбири