Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида жорий йилги “Пахта–2025” терим мавсуми учун тайёргарлик ишлари тўлиқ якунланди.
Меҳнат ва масъулиятни талаб этадиган бу муҳим жараёнга тумандаги барча фермер хўжаликлари, соҳавий мутахассислар ва техника парклари ишчилари бир ёқадан бош чиқариб, жипс ҳолда киришди.

Жорий қишлоқ хўжалиги мавсумида туманда 11 минг 500 гектар майдонга чигит қадалган. Айни пайтда кўпгина далаларда кўсаклар пишиб, очилиш арафасида турибди.. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида агротехник тадбирлар изчил ва самарали амалга оширилмоқда.
Терим мавсумига тайёргарлик доирасида пахта қабул қилиш пунктлари тўлиқ тартибга келтирилди. Барча тарозилар замонавий электрон тизимларга уланиб, ҳисоб-китоб жараёнлари аниқлик ва шаффофлик асосида ташкил этилди.

36 дона бункерли ва 8 дона махсус плёнкали пахта териш машиналари ҳамда юк ташишга мўлжалланган техникалар тўлиқ техник кўрикдан ўтказилиб, тайёр ҳолатга келтирилди.
Ёнғин хавфсизлиги масалалари алоҳида эътиборга олинди. Барча қабул пунктлари тегишли жиҳозлар билан таъминланиб, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этиш юзасидан доимий назорат ўрнатилди.

Пахта сифатини назорат қилиш юзасидан мутахассислар махсус ўқув курсларидан ўтказилиб, сертификатларга эга бўлдилар. Лабораториялар эса замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди.


А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари