Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта маҳсулотлари экспорти 1,5 баробарга оширилади
13:51 / 2023-08-25

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бошқарма бошлиғи Соҳибжон Ҳатамов иштирокида брифинг ташкил этилди.

Қайд этилишича, тегишли қонунчиликка мувофиқ, кенгашга фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан муносабатларда, назорат қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказиш жараёнида ҳамда судларда ишларни кўриб чиқишда ҳимоя қилиш юклатилган.  

2023 йил 1 июль ҳолатига кенгаш ҳуқуқшуносларининг бевосита амалий ёрдами билан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари манфаатини ҳимоя қилиш учун судларга қарийб 8 минг 284 та даъво аризалари киритилган. Шундан 5 минг 442 таси қаноатлантирилди.  

Кластер тизими қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди. Хусусан, ўтган олти йил ичида бир гектардан олинадиган пахта ҳосили 26 центнердан 34 центнерга етди. Айниқса, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларида 40 центнергача ҳосил олинмоқда.  

Пахта толасини қайта ишлаш 2,5 баробар оширилиб, 100 фоизга етказилди. Ип-калава ишлаб чиқариш – 2,2 баробар, тайёр маҳсулот – 5 баробар ортди. Келгуси йилда соҳадаги экспортни 1,5 баробар кўпайтириб, 2022 йилдаги 3,2 миллиард доллар ўрнига 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда пахта тўқимачилик кластерларида 600 мингга яқин аҳоли доимий даромад олиб, меҳнат қилмоқда.  

Пахта ва сунъий толани олиб келишда транспорт харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади. Хомашё, бўёқ ва кимёвий воситалар, фурнитура, совутиш тизимлари ва аксессуарлар уч йил муддатга божхона божидан озод қилинади. Бу, албатта кластерлар билан ишлаётган фермер хўжаликларининг молиявий, моддий техника базасини яхшилашга асос бўлади.  

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА