Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта етиштиришда уруғчиликка эътибор кучайтирилади
12:13 / 2023-12-19

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Пахтачиликда уруғчилик тизимини ривожлантириш ҳамда пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгаши мутахассислари назорати остида тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб кириш ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларнинг 10 фоизигача жойлаштиришга, истисно тариқасида, рухсат берилади. 

Бунда қуйидагилар талаб этилади: 

карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномаси мавжудлиги;

хориждан келтириладиган ғўза навлари ва дурагайларидан пахта ҳосили етиштиришда ҳамда уларнинг уруғларини кўпайтиришда импорт қилувчи томонидан интеллектуал мулкка даъво қилмаслик; 

хорижий ғўза навлари ва дурагайларини олиб келишда нав оригинаторлари (патент эгаси) билан лицензия шартномаси тузиш талаб қилинса, лицензия харажатларини импорт қилувчи корхона томонидан қоплаш;

келгуси йилларда экиш учун хорижий ғўза навлари ва дурагайларини маҳаллий шароитда етиштиришни ташкил этиш; 

навларнинг биологик ва механик ифлосланишининг олдини олиш мақсадида ғўза навлари экилаётган ҳудудларда нав жойлаштириш тартибига қатъий амал қилиш. 

Хориждан келтирилган ғўза навлари ва дурагайларини парваришлашда ҳар бир навга хос бўлган юқори самарадор агротехнологияларни қўллаш Пахтачилик кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда тегишли илмий ташкилотлар кузатувида амалга оширилади.

Пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза навларини жойлаштиришда кафолатланган уруғ таъминотига мувофиқ эркинлик берилади, бунда юқори ҳосилдор маҳаллий навларга устуворлик берилади. 

Бир контурда узлуксиз 2 йил давомида бир навни жойлаштиришга рухсат берилмайди. 

Ҳудудларда ҳар 2 йилда экилаётган навни тўла алмаштириш, ҳар йили тегишли нав уруғини бошқа ҳудудлардан олиб келиш орқали уруғ алмаштириш ва йиллик қўшимча уруғ захирасини яратиш билан келгусида босқичма-босқич "тиндирилган уруғ" экиш амалиёти жорий қилинади.

Қарор билан 2024-2026 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан пахта ҳосилдорлиги гектарига 30 центнердан ошмайдиган ҳудудларда хориждан импорт қилинадиган ёки юқори ҳосилдор янги маҳаллий ғўза навлари синовлари ўтказиладиган ҳамда янги илмий ишланма ва самарадор агротехнологиялар жорий қилинадиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланди.

ЎзА