Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта – 2022: техникалар фермерга қанот бўлмоқда
16:08 / 2022-09-22

Айни пайтда бутун республикамизда пахта хомашёсини йиғиб териб олиш ишлари авжида. Эрта баҳордан қилинган меҳнат бугун ўз натижасини бермоқда. Шу боис айни кунлардаги деҳқонлар олдида турган энг муҳим вазифа етиштирилган ҳосилни нес-нобут қилмай йиғиб олишдир.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ташкил этилган пресс-тур ҳам айни шу масалага бағишланди. Тадбир давомида иштирокчилар Қарши туманидаги “Cluster Hilol” масъулияти чекланган жамиятига қарашли пахта қабул қилиш пункти ва МЧЖ билан шартнома асосида ҳамкорлик қилаётган фермер хўжаликлари далаларига ташриф буюрди.

Туманнинг Янги боғ ҳудудидаги “Барака” фермер хўжалигига қарашли далада ғўзалар баравж ўсгани, ҳар бир тупда камида 35-40 донагача кўсак борлиги агротехник тадбирларнинг вақтида ва меъёрида ўтказилганини англатади.

– Жорий йилда 20 гектар майдонда ғўзанинг “Бухоро-102” навини парваришлаб, белгиланган 65 тонналик хирмонни кўтаришга ҳаракат қиляпмиз, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Мейли Турсунов. – Бугунги кунга қадар ҳашарчилар ёрдамида биринчи теримнинг ўзидан 45 тонна пахта топширдик. Аммо мавсумда ўтаётган ҳар кун, ҳар бир соат зиёнимизга ишлаши тайин. Чунки ёғингарчилик бошланмасдан териб олинган ҳар бир мисқол пахта сифатли бўлади ва қабул масканларида биринчи навга қабул қилинади. Бундан ташқари, ҳашарчилар бир марта бўлса ҳам оралаб, шамоллатилган далаларда кўсаклар очилиши тезлашади. Ҳали даламизда ҳосил мўл. Шу боис ҳосилни тезроқ йиғиштириб олиш мақсадида терим машиналаридан фойдаланишга қарор қилдик. Бугундан далага “Cluster Hilol” МЧЖнинг 2 та пахта териш тракторлари ишга тушди.

Таъкидлаш лозимки, жорий йилда Қарши туманида 712 та фермер хўжаликлари томонидан 15 минг гектар майдонга ғўза парваришланиб, жами 66 минг 611 тонна сифатли пахта хом-ашёсини йиғиштириб олиш режалаштирилган.

Туманда 3 та пахта тўқимачилик кластерлари фаолият юритмоқда. “Cluster Hilol” МЧЖ вилоятнинг Қарши ва Касби туманларида 5 минг 316 гектар майдонда ғўза парваришлаётган 216 та фермер хўжаликлари билан фючерс шартномаси имзолаган. 16 минг 718 тонна пахта йиғиштириб олишни режалаштирган. МЧЖнинг 3 та пахта қабул қилиш маскани бўлиб, мавсум бошидан буён 4 минг 195 тонна пахта қабул қилинган. Бу борада МЧЖга қарашли 5 та пахта териш машинаси ҳосилни қисқа фурсатда йиғиб олишда муҳим ҳисса қўшмоқда.

[gallery-8884]

Шу ўринда айтиш лозимки, “Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси ва туманлардаги бўлимлари томонидан ҳудудларда малакали мутахассислар жалб қилинган ҳолда 12 та “Арбитраж” гуруҳлари ташкил этилган. Ушбу гуруҳлар масканларга қабул қилинаётган пахта хомашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ҳамда тарафлар ўртасида юзага келадиган низоларнинг олдини олиш ва чегирмаларнинг адолатли қўлланишида масъул.

Мавсум бошидан буён жорий йилининг 22 сентябрь ҳолатида тайёрлов масканларида қабул қилинаётган пахта хомашёсининг намлиги ва ифлослигини аниқлаш юзасидан “Арбитраж” гуруҳларига 10 та мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар адолатли ва шаффоф тарзда кўриб чиқилмоқда.

– Жорий йилда Қашқадарё вилоятида 6 минг 307 та фермер хўжаликлари томонидан 136 минг 36 гектар майдонга чигит қадаган пахтакорлар мавсумда жами 435 минг тонна сифатли пахта хом-ашёсини йиғиштириб олишни мақсад қилган, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бошлиғи Файзулло Ғуломов. – Вилоятда фаолият юритиб келаётган 18 та пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2022 йил пахта ҳосилини қабул қилиб олиш учун 52 та пахта қабул қилиш масканлари мавсумга тайёрланиб, фермерлар томонидан етиштирилган ва олиб келинаётган пахта хом-ашёлари белгиланган тартибда қабул қилинмоқда. Бугун барча туманларда пахта терими бошланиб юксак хирмонлар ҳосил бўлди. Айни қизғин мавсумда “Ўзагроинспексия”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари инспекторлари зиммасига муҳим вазифалар юклатилган. Пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида мавсумда қатнашиши режалаштирилган 2 минг 353 дона транспорт трактори ва 3 минг 203 дона тиркамалар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, комиссиялар томонидан кўриб чиқилди ва техник кўрикдан ўтказилиб мавсумга жалб этилди. 2 минг 905 та терим отрядлари ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли пунктларидан узоқ ва теримчилар етишмайдиган майдонлардаги ҳосилни йиғиштириб олишда қатнашадиган 192 дона, жумладан 99 дона Кейс, 20 дона Джон-Деер, 63 дона “МХ-1,8” ҳамда 10 дона “Боширан” русумидаги пахта териш машиналари техник кўрикдан ўтказилиб, комиссиялар томонидан қабул қилинди.

“Ўзагроинспекция”нинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан фермер хўжаликлари, пахта тўқимачилик кластерларида етиштирилган пахта хом-ашёсини юқори навларга топшириш орқали қўшимча даромад манбаини яратиш ҳамда пахта хомашёсини сифатли қабул қилиб ва уни қайта ишлаш орқали рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш мумкинлиги юзасидан тушунтиришлар ва керакли тавсиялар бериб борилмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, вилоят бўйича пахта майдонларида терим суръати кундан кунга ошмоқда. Мавсум бошидан буён жорий йилининг 22 сентябрь ҳолатида 95 минг 737 тонна пахта хом-ашёси қабул қилинган. Теримчиларга яратилган шароитлар, уларга иш ҳақларининг ўз вақтида берилиши, теримга жалб этилган қишлоқ хўжалиги теҳникалари созлиги инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда. Албатта вилоят деҳқон фермерларининг залворли меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териболиш биринчи галдаги вазифадир.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.