Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта –2022: Сенатор теримчилар ҳузурида
12:10 / 2022-09-24

Ўзбекистон Республика Олий Мажлиси Сенатининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев Бухорода пахта йиғим-теримининг бориши билан яқиндан танишди.

Сенатор Шофиркон тумани ҳокими Жамшид Шаропов ҳамроҳлигида “Дўрман” ҳамда “Шибирғон” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги фермер хўжаликларида пахта тераётган теримчилар, ҳашарчилар билан учрашди.

– Бугунга келиб тасарруфимизда Дўрман, Султонобод, Темирчи ва Шибирғон маҳаллаларида иш олиб бораётган 19 та фермер хўжалигининг 327 гектарида сара буғдой, 863 гектарида эса “оқ олтин” етиштириб келамиз, – дейди “Дўрман” ҳудуди раиси Эркин Ҳикматов. – Ўтган йилги мавсумда 845 гектарли контурдан туманда пешқадамлар сафида давлатга пахта сотиш шартнома режасини 3 минг 34 тонна ўрнига 3 минг 630 тоннага етказдик. Бу борадаги режани 120 фоизга уддалаган эдик. Жорий деҳқончилик йилида эса жамоамиз билан 3 минг 24 тонналик “оқ олтин” хирмонини барпо этишга аҳд қилганмиз. Шу боис, жорий йилнинг 9 сентябридан йиғим-теримга киришдик. Фермерларимизга яқиндан кўмакка чиққан 1 минг 100 нафар кўнгилли ҳашарчини ўзида жамлаган 16 та терим отряди кучи билан “Бухоро зарҳал текс” МЧЖ нинг “Дўрман” пахта қабул қилиш масканида жамғарилган ҳосил салмоғи 111 тоннага етди. Дала бошида хўжаликларимизга камарбаста бўлаётган теримчиларимиз қўлга киритган пахта пули ҳам шу кунга қадар 1 миллиард 34 миллион 626 минг сўмдан ошди. Улар жонбозлиги билан бир кунда қабул масканига 112 тонна атрофида “оқ олтин” топширилмоқда. 

[gallery-8905]

“Дўрман” ҳудудидаги фермер хўжаликларидан бултурги мавсумда  9 таси, умумий 186 гектар майдон томчилатиб суғориш технологиясига ўтказилган. Жорий йил бошида яна 6 та фермер хўжалиги пахта майдони қўшилди. Жами контур 476 гектарга етказилди. 

Тажрибали деҳқон миришкорлардан Абдурасул Тўев раҳбарлигидаги “Дилобод” фермер хўжалигида 40 гектар ердан кутилаётган “оқ олтин” хирмони 160 тоннадан оширилиши мақсад қилинган бўлса, Фаттулло Ибрагимов қўли остидаги “Шоҳи Гули Моҳи” фермер хўжалиги мавжуд 35 гектар ердан 140 тоннага етказиб хирмон кўтаришни режалаштирган. Шу кеча-кундузда “Дилобод”да 85 тонна, “Шоҳи Гули Моҳи”да эса 119 тонна пахта қабул масканида саранжомланган.

Шибирғон қишлоғида фаолият юритаётган илғор фермерлардан бири Тельмон Раҳмонов бошқараётган “Раҳмон Бўрон мангу Шибирғон" фермер хўжалигига келсак, миришкорлар шу кунларда 29 гектар ердан 113 тонна саноат учун қимматбаҳо хом ашё тайёрлашни мақсад қилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, жамоа бу “марра”ни бемалол эплайди. Сабаби хўжаликда эрта баҳордан кўзланган барча агротехник тадбирлар кечиктирмасдан, сифатли амалга оширилмоқда. Қолаверса, “Раҳмон Бўрон мангу Шибирғон"да чигит экилган контур тўлалигича томчилатиб суғориш технологиясига ўтказилган. Айни кунда унинг даласида 145-отряднинг 70 га яқин теримчиси меҳнат қилмоқда.

Қўмита раиси Баҳодир Тожиев ва туман масъуллари хўжаликдаги шарт-шароит, ҳосилдорлик ва теримнинг боришини кўздан кечириб, илғорларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА