English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Павел БЕЙДА: Тарихни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш жуда муҳим
15:26 / 2022-11-08

Шу кунларда Польша Республикаси Сейми депутатларидан иборат “Польша – Ўзбекистон” парламентлараро гуруҳи раиси Павел Бейда бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Бугун меҳмонлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига ташриф буюрди.

Мажмуа директори Бахтиёр Ҳасанов билан бўлиб ўтган учрашувда сўнгги йилларда мамлакатимизда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва меросини чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг эркин турмуши, келажак авлоднинг тинч, тўкин ҳаётини таъминлаш орзусида мардона кураш олиб бориб, мустабид тузум қурбонига айланган улуғ аждодларимиз фаолияти ва меросини тарғиб қилиш бугунги куннинг энг муҳим вазифалардан биридир.

Қатағон қурбонлари хотираси музейи Ватан равнақи, халқ озодлиги йўлида нобуд бўлган аждодларимизнинг порлоқ хотирасини тиклаш ва доимо ёд этиш мақсадида 2002 йил 31 август куни Биринчи Президентимиз ташаббуси билан очилган.

Президент Шавкат Мирзиёев қатағон қурбонларини аниқлаш ва улар хотирасини тиклаш, қаҳрамон ота-боболаримиз номини абадийлаштириш бўйича изланишни давом эттириш хусусида аниқ топшириқ бериб, шундай музейларни вилоятларда ҳам очиш таклифини илгари сурган. Ҳозиргача Қарши, Андижон ва Термизда Қатағон қурбонлари хотираси музейи очилди.

[gallery-9478]

Экспонатлар билан танишиш асносида меҳмонларга Ўзбекистон тарихи, маърифатпарвар ота-боболаримизнинг машаққатли ҳаёт йўли, мустақиллик даврида эришилган улкан ютуқларимиз хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, Польша делегацияси аъзолари мамлакатларимиз ўртасидаги алоқани янада ривожлантириш, хусусан, маданият, тарих, таълим соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга доир фикр-мулоҳаза, таклифлар билдирди.

- Турли қитъаларда истиқомат қилса-да, ўзбек ва поляк халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп, - деди Павел Бейда. – Шу жиҳатдан ҳар икки давлатнинг бой тарихини ўрганиш ва келажак авлодга етказиш муҳим масала. Бу юмуш нафақат бизнинг элларимиз, балки бутун дунё жамоатчилиги учун долзарб аҳамият касб этади. Музейга қўйилган экспонатлар тарихни жонлантиргандек, гўё. Мажмуани кўздан кечириб, жуда таъсирландим, ҳайратга тушдим. Бундан буён ҳамкорликни, ўрнатилган яқин дўстона алоқаларни янада чуқурлаштириш ниятидамиз. Айниқса, таълим соҳасидаги шерикликка эътиборни кучайтириш режалаштириляпти. Ҳозир Польшада 4 мингга яқин ўзбекистонлик талаба таълим оляпти. Улар сафини мунтазам кенгайтириш икки давлат учун ҳам манфаатли. Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати бизнесга жуда кенг йўл очганига гувоҳ бўлдик. Қонун устуворлиги, инвесторлар учун яратилган имккониятлар поляк бизнесменлари учун ҳам айни муддао.

Гўзал Сатторова,

Носиржон Ҳайдаров (cурат),

ЎзА