Пауэрлифтинг спорт тури оғир атлетикачиларнинг асосий ҳаракатларда самарадорликни ошириш учун ишлатадиган машқларидан келиб чиққан бўлиб, ўтган асрнинг 40-50 йилларида Ғарбда машҳурликка эришди. Мусобақалар ўтказила бошланди. 50-60 йилларда эса замонавий шаклда пауэрлифтинг шакллана бошлади. 60 йилларнинг ўрталарига келиб мусобақа қоидалари белгиланиб, миллий даражадаги чемпионатларни ўтказиш йўлга қўйилди.
1972 йил ноябрь ойида Халқаро пауэрлифтинг федерацияси ташкил этилди. 2000 йилдан ёзги Паралимпия ўйинларида пауэрлифтинг бўйича расмий баҳслар ўтказилиб келинади. У Халқаро парамия қўмитаси ва Дунё Анти-Допинг агентликларининг аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон пауэрлифтинг федерацияси томонидан мунтазам миллий чемпионатлар, нуфузли турнирлар ташкил этилиб, ўзбекистонлик спортчилар юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда.
Пойтахтимиздаги Юнусобод спорт мажмуаси ҳудудидаги Savage мажмуасида ёшлар ва катталар ўртасида пауэрлифтинг бўйича Ўзбекистон чемпионати баҳслари бўлиб ўтди.
3 кун давом этган баҳсларда ёшлар классик, катталар эпикировка йўналишларида ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Чемпионатда Ангрен, Олмалиқ, Чирчиқ, Зарафшон, Учқудуқ, Тошкент, Бухоро, Нукус ва Наманган жамоалари шарафини ҳимоя қилган 121 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб борди.
Қизғин беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар медал, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т. Рўзиев, ЎзА