Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Патронаж дояларнинг ибратли ташаббуси
16:26 / 2026-01-06

Мамлакатимизда Янги йил байрами муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунларида хоразмлик патронаж доялар ўз касбига садоқат, инсон саломатлигига юксак масъулият намунасини кўрсатишди.

Гап шундаки, улар байрам кунлари ижтимоий акция ўтказиб, замон талабларига мос равишда “онлайн патронаж хизмати”ни йўлга қўйишди. Бундан ташқари, олдиндан “Хавф” гуруҳига киритилган айрим ҳомиладор аёллар хонадонига бориб, ҳолати бевосита ўрганилди.

Байрам кунлари патронаж доялар ДМЕД электрон тизими орқали ҳомиладорларни туман ва вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларига тўғри йўналтириш ишларини самарали амалга оширдилар. Бу эса патронаж дояларининг хавфларни баҳолаш, профилактик ёрдам кўрсатиш ва тезкор қарор қабул қилиш борасида электрон тизимлар билан ишлашда юқори малакага эга эканини намоён этди.

–  Вилоятда 457 нафар патронаж доя фаолият кўрсатмоқда,– дейди Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Бикажон Матчанова. – Уларнинг ҳар бири ўз ҳудудида электрон маълумотлар базасини яратиб, кунлик, ойлик ва йиллик режалар асосида иш олиб бормоқда. Улар нафақат тиббиёт ходими, балки оиланинг рўйхатсиз аъзоси, айниқса, ҳомиладор аёлнинг ҳимоячиси, ҳуқуқий ва маънавий маслаҳатчисига айланган. Энг муҳими, бугуннинг замонавий патронаж доялари ўз касбий маҳоратини нафақат тиббий жиҳатдан, балки ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳам изчил равишда ошириб бормоқдалар.  

Акция давомида жами 1 минг 285 нафар ҳомиладор, туғруқ ёшидаги аёл ва катта ёшдаги онахон онлайн патронаж хизмати билан қамраб олинди. Улардан 122 нафар ҳомиладорга амбулатор, 35 нафарга стационар тиббий ёрдам кўрсатилган. Энг муҳими, 10 нафар ҳомиладор аёл ҳолати оғирлашув хавфи туфайли зудлик билан стационар даволанишга йўналтирилган.  Ўз вақтида қабул қилинган тўғри қарор натижасида она ва чақалоқларнинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Шунингдек, вилоят патронаж хизматида анъанага айланган “Bebbo” мобил иловаси 451 нафар ҳомиладор ва янги туғруқдан чиққан аёллар мобиль қурилмаларига ўрнатилиб, илованинг имкониятлари тушунтирилди.

Хоразмлик патронаж дояларнинг ушбу ташаббуси Янги йил байрами кунларида ҳам инсон саломатлиги, айниқса, она ва бола ҳаёти устувор эканини амалда кўрсатди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири