Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Патологоанатомия хизмати ҳамюртларимизнинг ижтимоий манфаатини таъминлайди
10:59 / 2020-10-27

Шу маънода айтганда, биз Фарғона вилоят патологоанатомия бюроси мисолида айни хизматнинг ўзига хос жиҳатларидан юртдошларимизни воқиф қилишни лозим топдик.


Маълумки, патологоанатомия хизмати тиббиёт тизимининг муҳим бўғини саналади. 

Аммо халқ тилида «Морг» деб аталувчи мазкур ташкилот, яъни патологоанатомия бюро ва бўлимларига ҳамманинг ҳам иши тушавермагани учунми (тушмасин ҳам), уларнинг фаолиятидан кўпчилик бохабар бўлавермайди.

Шу маънода айтганда, биз Фарғона вилоят патологоанатомия бюроси мисолида айни хизматнинг ўзига хос жиҳатларидан юртдошларимизни воқиф қилишни лозим топдик.

- Фаолиятимиз Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1992 йил 4 ноябрдаги «Патологоанатомия хизматини ташкил этиш принциплари тўғрисида»ги 574-сонли ва 2019 йил 25 январдаги «Патолого-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 68-сонли буйруқлари асосида ташкил қилинган. Айни пайтда республикамизнинг барча вилоятларида патологоанатомия бюролари ҳамда тегишли туман, шаҳар тиббиёт бирлашмаларининг патологоанатомия бўлимлари мавжуд, - дейди Фарғона вилоят патологоанатомия бюроси бошлиги Исломжон Холматов биз билан суҳбатда.

И.Холматовнинг таъкидлашича, патологоанатомия бюроси ва бўлимлари асосан иккита йўналишда тадқиқотлар ўтказади. Булар – биотопция ва аутопция тадқиқотларидир. Биотопция усулидаги тадқиқотлар амбулатор ва стационар шароитда даволанаётган беморларга тўғри ташхис қўйиш ва уларни самарали даволаш мақсадида ўтказилади. Айтайлие, беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, унинг танасидан қандайдир ўсма олиб ташланди. Шунда ўша ўсма биотпсик усулда текширилади. Касалликнинг асоратлари бор-йўқлиги, кейинги муолажаларни қандай олиб бориш кераклиги ана шу текширувда аниқланади ёки бундай текширув жарроҳликдан аввал ҳам ўтказилиб, касалликка ҳужайравий даражада ташхис қўйилиши мумкин.

Аутопция усулидаги тадқиқот эса касаллик оқибатида вафот этган шахснинг мурдасида ўтказилади. Бунда аввало ўлим сабаблари аниқланади. Шунингдек, марҳум юқумли касалликдан ўлган бўлса, ўша дарднинг юқиш занжирини узиб, яқин қариндошлари ва бошқа шахсларга юқишининг олдини олиш учун ҳам текшириб кўрилади. Бундан ташқари, биотопция ва аутопция усулидаги тадқиқотларда беморни даволаётган ёки марҳумни даволаган шифокорлар ҳам иштирок этишадики, бу уларга келгуси фаолиятида – бошқа беморларни даволашда, уларга тўғри ва аниқ ташхис қўйишда жуда асқатади. Қолаверса, аутопция усулидаги тадқиқотда беморнинг касалликни қайси босқичида вафот этганига ҳам ойдинлик киритилади. Амалиётда ҳар иккала турдаги текширишни ўтказишга омил бўладиган яна шундай ҳолат ҳам кузатиладики, бемор ўзидаги касалликни, дард қачон бошланганини яшириши, ўзида кечаётган аҳволни аниқ айтмаслиги мумкин. Бунда ҳам биотопция ёхуд аутопция усулидаги текширув – тадқиқот жуда қўл келади.

Патологоанатомия хизматининг учинчи йўналиши ҳам мавжудки, бунда кам учрайдиган касалликлар шифокорлар иштирокида клиник анатомик конференция ташкил қилган ҳолда текширилади.

Агар таҳлилларга назар ташласак,Фарғона вилоят патологоанатомия бюросида 2 та музлатгичли камера, гистологик тадқиқотлар лабораторияси мавжуд бўлиб, сўнгги бир йилда 15.000 тадан ортиқ биотопсик, 1050 тадан ортиқ аутопция усулидаги тадқиқотлар ўтказилган. Бу эса 7 нафар шифокор, 11 нафар ўрта тиббиёт ходими – лаборант гистологлар меҳнатининг самарасидир. Бюро биноси 2020 йил бошида жорий таъмирдан чиқарилган. Шу билан бирга, сўнгги русумдаги замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Масалан, биргина уч окулярли микроскопни олайлик. Мазкур қурилма интернетга уланган бўлиб, у орқали текширилаётган касаллик намунаси «телемедицина» дастури орқали Республика патологик-анатомия марказига узатилиши, натижада касалликка янада аниқ ташхис қўйиш бўйича марказ мутахассислари билан ҳамкорлик олиб борилиши мумкин. «Телемедицина» дастури академик, Ўзбекистон Қаҳрамони Малика Абдуллахўжаева томонидан яратилган. Вилоят патологоанатомия бюросининг 2 та музлатгичли камерасида бир пайтнинг ўзида 6 та мурдани вақтинча сақлаш мумкин.

Бундан ташқари, бюро бошлиғи нафақат Фарғонада, балки республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам мутахассис шифокорлар етишмаслигини билдирди. Жумладан, вилоят бюросида 10 та шифокор штат бирлиги мавжуд бўлгани ҳолда ҳозир 7 нафар шифокор фаолият юритмоқда. Агар амалдаги тартибга кўра, битта шифокор йилига 80 та аутопсик, 1800 та биотпсик тадқиқот ўтказиши лозимлиги назарда тутилса, айни пайтда иш ҳажмининг кўплиги боис ҳар бир шифокор 2 штат бирлигида ишламоқда.

- Ҳар қандай тиббиёт олийгоҳи талабаси ҳам бизнинг йўналишни танлаб, патолог-анатом бўлолмайди. Баъзилар эса ён-атрофдагиларнинг олдида «Морг»да, қўпол қилиб айтганда, «ўликхонада» ишлашдан уялади ёки бунга юраги бетламайди,-дея изоҳ беради И.Холматов.

Суҳбатимиз асносида бюро бошлиғи яна бир фикрни қайд этиб кетишимизни сўради. Яъни айрим юртдошларимизда патологоанатомия муассасаларида мурданинг ички аъзоларини олиб қўйишади, деган нотўғри тушунча бор. Бу мутлақо асоссиз. Негаки тадқиқот – текширув хоҳ биотопция, хоҳ аутопция усулида бўлсин, мурданинг ички органидан 1 сантиметрдан катта бўлмаган ҳажмда намуна олинади холос. Қолаверса, биологик жиҳатдан фаолияти тўхтаган тана аъзоси ҳеч кимга керак эмас.

- Мурдани сақлашга келсак, хизмат йўриқномамизга биноан уни 3 кунгача сақлашимиз мумкин. Аммо марҳумнинг яқин қариндоши узоқ хорижий давлатдан етиб келгунча ёки унинг яқини ёлғиз бўлиб, дафнга тайёр бўлгунча ҳам сақлаб турамиз. Тадқиқот натижалари – текширув хулосалари эса икки йил, агар хавфли касаллик аниқланса, 10 йил сақланади. Кўпчиликни ўйлантираётган ҳозирги пандемия шароитида беморнинг коронавирусдан вафот этгани аниқ бўлгач, аутопсик тадқиқот ўтказиш ёки сақлаш учун патологоанатомия бюроси ёхуд бўлимларига олиб келинмайди,-дейди бюро бошлиғи.

Албатта, бу сизу биз учун унчалик маълум бўлмаган бир соҳанинг бугунги фаолияти. Аммо ҳаёт давом этар экан, патологоанатомия хизматига ҳамиша эҳтиёж сезаверамиз.

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист