Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедовнинг ёшлар билан навбатдаги учрашуви Пастдарғом туманида ўтказилди.
Бошқарма бошлиғи тумандаги ёш тадбиркор ва ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, улар билан суҳбатлашди, фаолияти билан қизиқди.


Шундан сўнг 100 нафардан ортиқ пастдарғомлик ёш ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш, ер ажратиш, спорт билан шуғулланиш учун шароит яратиш, китобхонлик ва компьютер саводхонлиги масалалари юзасидан бошқарма бошлиғига мурожаат қилди.
Жумладан, Оқолтин маҳалласидаги 51-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Дилшода Исроилова маҳаллада спортга қизиқувчилар кўплигини айтиб, бир қатор спорт тўгараклари ташкил этгани, аммо маҳаллада спорт зали йўқлигини қайд этиб, ушба масалада ёрдам сўради. Бошқарма бошлиғи бу масалада ҳокимлик ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда спорт зал қуришга кўмак берилишини билдирди.


Меҳнат маҳалласида яшовчи Фатҳулла Нурмонов эса ўтган йили деҳқончилик қилиб, даромад топиши учун 30 сотих ер майдони ажратилгани ва 10 нафаргача мавсумий ишчи билан ишлаганини билдириб, яна ер берилса, фаолиятини кенгайтиришини айтди. Бунинг учун ҳатто яқинда Германияда малака ошириб келганини билдирди. Унинг бу таклифини масъуллар ўрганиб, тегишли тартибда ёрдам берилишини айтишди.
Учрашувда кўпчилик ёшлар ер ажратиш масаласида мурожаат қилгани боис, туман ҳокимлиги масъуллари жорий йилда Пастдарғомда деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, фаолият кўрсатиш учун ёшларга туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган 742 гектар ер майдони бўлиб берилишини маълум қилишди.


Ушбу ер майдони секторлар бўйича тумандаги 107 маҳалладаги ишсиз ва ердан унумли фойдаланиш истагини билдирган ташаббускор ёшларга ажратилади.
Учрашув давомида билдирилган таклиф ва мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал қилинди, ечими вақт талаб қиладиганлари бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари