Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами тадбирлари Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида ўзгача нишонланди.
Дастлаб туман раҳбарлари ва фаоллар иштирокда Пахтакор маҳалласидаги 104-умумий ўрта таълим мактабининг 210 ўринли, Қўқони маҳалласидаги 20-мактабнинг 180 ўринли қўшимча бинолари фойдаланиш учун очилди. Инвестиция дастури асосида бунёд этилган мазкур объектларнинг ҳар бирига 1 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Меҳмонлар янги биноларда ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
[gallery-19561]
Фурқат маҳалласида 3-мактабгача таълим ташкилотининг 150 ўринли янги биноси, Оқ олтин маҳалласида “Келажак” маданият марказининг очилиши, 97 ва 114-умумий ўрта таълим мактабларининг қўшимча ўқув бинолари ҳам пастдарғомликлар учун байрамга чинакам совға бўлди.
Туман секторлари раҳбарлари, ташкилотлар етакчилари мактабгача ва мактаб таълим бўлимида мактаблар учун китоб совға қилиш тадбирида қатнашди. Раҳбарлар томонидан тумандаги умумий ўрта таълим мактаблари учун ўн мингга яқин бадиий китоб совға қилинди.
– Агар ҳар бир раҳбар ёки мактабларнинг собиқ ўқувчилари ўзи ўқиган таълим даргоҳига китоб совға қилишни одатга айлантирса, мактабларимиз кутубхоналари китобга тўлиб кетади, – деди Пастдарғом тумани ҳокими Ш.Раҳмонов. – Бунинг натижасида ўқувчиларда китобга меҳр уйғонади, муҳими, бу анъанани фарзандларимиз ҳам давом эттиради.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари