Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пастдарғомлик ўқитувчи ташаббуси
16:48 / 2026-02-17

Пастдарғомлик ўқитувчи, тарих ва муқаддас қадамжолар бўйича мустақил тадқиқотчи Акмал Ҳамроев “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кўпайтиришга ҳисса қўшиш мақсадида “Биз бир гумбаз остидамиз” ташаббуси билан чиқди.

Ушбу ташаббус асосида у Самарқанд, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги муқаддас зиёратгоҳ ва қабристонлар, улар атрофида мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, дарахтлар уруғини экмоқда.

– Бу ташаббус нафақат дарахт экиш, балки тарихий хотира ва миллий меросга эҳтиром рамзидир, – дейди Акмал Ҳамроев. – Ватан гумбази остида яшар эканмиз, унинг ҳавосини мусаффо сақлаш, тупроғини муқаддас деб билиш барчамизнинг инсоний бурчимиз. Мен бу ҳаракатим билан бошқаларни, айниқса, ёшларни аждодларимиз тарихи ва меросини чуқур ўрганишга, юртимизни боғу бўстонга айлантиришга даъват этишни, бунда ўзим ибрат бўлишни мақсад қилганман. Ҳар биримиз, кўп эмас, битта-иккитадан кўчат эксак ҳам “Яшил макон”га катта ҳисса бўлади. Ҳеч қандай харажат талаб қилинмайдиган, ўзимизда бор турли хил дарахтлар уруғларини ерга қадасак ҳам дарахтзорлар кўпаяди. Муҳими, бундан фарзандларимиз, ёшлар ибрат олади.

Акмал Ҳамроев ана шу ниятда Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги бир қатор зиёратгоҳлар атрофида арча, ўрик, наъматак, бодом уруғларини ерга қадади, тут дарахт кўчатлари ўтқазди. Тумандаги Хайрон шайх қабристонида амалга оширилган кўчат экиш жараёнида қабристон ўртасидаги тепаликда қудуққа ўхшаган чуқурликка дуч келди. 

– Эҳтиёткорлик билан қарасам, чуқурлик ичида ён томонларга кетган йўлаклар кўринди, – дейди Акмал Ҳамроев. – Бу ушбу масканда бир пайтлар кориз бўлганидан далолат берадими ёки душмандан яширин чиқиш йўлимикан? Буни мутахассислар ўрганиб хулоса берса яхши бўлар.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири