“Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни самарали ҳал этишнинг Самарқанд тажрибасини амалиётга жорий этиш мақсадида жорий йилнинг 6 май куни давлатимиз раҳбари томонидан “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.
Мазкур қарор билан вилоятнинг Пастдарғом, Ургут ва Булунғур туманларида 1 июндан бошлаб туман ҳокимлиги таъсисчилигида Маҳаллабай ишлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Вилоятнинг қолган туман ва шаҳарларида эса бундай марказлар 1 августга қадар ташкил этилади.
– Президентимиз шу йилнинг 15-16 апрель кунлари вилоятимизга ташрифлари чоғида “маҳаллабай” ишлашда Самарқанд тажрибасини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берган эдилар, – дейди Пастдарғом тумани маҳаллабай ишлаш маркази директори Тоҳир Қосимов.
– Шундан сўнг Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров бошчилигида янги тизимни жорий этиш бўйича ҳаракатлар бошланди ва давлатимиз раҳбарининг қарорида бунинг ҳуқуқий асослари белгилаб берилди. Шунингдек, қарорда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш; маҳаллабай ишлаш асосида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш; тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан, аёллар ва ёшларга кредит ҳамда субсидиялар олишда кўмаклашиш; тадбиркорлик, ҳунармандчилик қилиш истагини билдирганларга замонавий асбоб-ускуналар ҳамда мини-технологиялар топишда кўмаклашиш; маҳалладаги инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини юритиш ва малака ошириш истагини билдирган фуқаролар билан ишлаш марказнинг асосий мақсад ва вазифалари сифатида белгиланди.
Туманимизда 45 штат бирлигидан иборат, жумладан, 9 нафар аппарат ходими ҳамда 36 нафар маҳаллабай ишловчи инспектор фаолият кўрсатадиган марказ тузилди. Марказ бино, замонавий ахборот воситалари билан таъминланди.
Марказ тузилмасида тўртта – маҳаллаларда тадбиркорликни, инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўлимлари ташкил этилди. Ҳар бир бўлимда бир нафардан бошлиқ ва бир нафардан бош мутахассис штати мавжуд. Бу вазифаларга бўлимлар фаолият йўналишидан келиб чиқиб, мутахассис кадрлар танланди. Туманимизда мавжуд 107 маҳалла ҳар бир инспекторга учтадан (бир нафар инспекторимизга иккита) тақсимлаб берилиб, улар ўзлари бириктирилган ҳудудларда иш бошлади.
Инспекторлар ҳам танлов асосида, белгиланган тартибда суҳбатдан ўтиб, ишга қабул қилинди. Уларни маҳаллаларга бириктиришда эса имкон қадар ўз яшаш ҳудудларига яқинлиги инобатга олинди. Сабаби улар асосан, маҳаллаларда, фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосари билан ҳамкорликда ишлайди, хонадонма-хонадон юриб, аҳоли бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаига эга бўлиши учун ўрганиш ишлари олиб бориб, бу ҳақда бизга маълумот киритади.
Шундан сўнг биз аниқланган муаммо ва мурожаатларни мувофиқлаштириб, туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари ва бошқа масъуллар билан биргаликда ҳал этиш чорасини кўрамиз. Яъни ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ёки тадбиркорликка ўқитиш, уни ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун имконият яратиш бўйича иш олиб борамиз.
Айни пайтда марказ йил бошидан буён маҳаллаларга бириктирилган доимий вакиллар томонидан ўтказилган хатлов натижалари асосида доимий даромад манбаига эга бўлмаган 1798 нафар фуқаро рўйхатини маҳаллалар кесимида тузиб чиқиб, йўл хариталари тайёрламоқда. Уларнинг қизиқиш ва интилишларига мос касб-ҳунарга ёки тадбиркорликка ўқитиш чораси кўрилади, ўз хонадонида, маҳалласида ишлаши учун имконият яратиб берилади. Бу фуқароларга имтиёзли кредит ёки субсидия ажратиш масалалари кўриб чиқилади.
Хусусан, дастлабки босқичда маҳаллаларда 256 та енгил конструкцияли савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА