Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пастдарғомда эҳтиёжмандларга 44 та уй совға қилинади
21:13 / 2020-12-11

Пастдарғом туманида 2020 йилда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур уюштирилди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, жорий йил якунига қадар ҳудудда 670,0 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши белгиланган. Бу кўрсаткич аҳоли жон бошига 1 миллион 892 минг сўмдан тўғри келади (2019 йилда 986 минг сўмдан тўғри келган). Саноат салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси туман иқтисодининг ўсишини таъминламоқда. Шу боис, туманга амалга оширилган пресс-тур саноат корхоналаридан бошланди.

LED чироқлар ишлаб чиқараётган корхона энди телевизор ва кондиционер ишлаб чиқаради

2018 йилда фаолият бошлаган “Мароқанд кабел инвест” масъулияти чекланган жамиятида ҳозирда кабел, кам чўғламли LED чироқлар ва цемент ишлаб чиқарилмоқда. 250 та иш ўрни яратилган. Бугунги кунда корхонада янги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда.

- Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган LED чироқлар юз фоиз маҳаллий маҳсулотлардан тайёрланмоқда, - дейди “Мароқанд кабел инвест” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Раббим Кулиев. 

– Ички бозорда ўз ўрнимизни топганмиз. Эндиликда экспорт борасида ишлар олиб борилмоқда. Келгуси йилдан корхонамизда маиший техникалар ҳам ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. Телевизор ва кондиционер ишлаб чиқариш линиясини йўлга қўйиш бўйича ҳозирда хорижлик ҳамкорлар билан ишлар олиб борилмоқда.

Сэндвич панел ишлаб чиқарилади

2019 йилдан фаолият бошлаган “Азия стал профил” масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда 28 нафар ишчи меҳнат қилади. Корхона Россия, Эрон ва Украинадан олиб келинаётган хомашё – металл листлардан турли ўлчамдаги профил, қувурлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона 1 ойда 40 тонна хомашёни қайта ишлаш қувватига эга.

– Маҳсулотимиз асосан, ички бозорга йўналтирилган, - дейди корхона раҳбари Жамшид Мирзаев. – Айни пайтда 50 турдаги металл қувур ва профилларни ишлаб чиқараяпмиз. Келгуси йилдан фаолиятимизни кенгайтириб, сэндвич панеллар ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни мақсад қилганмиз. Мазкур лойиҳа амалга ошса яна 50 та янги иш ўрни яратилади.

[gallery-396]

“Самарқанд Камалак инвест текстил”да 300 киши ишли бўлди

Туманда жорий йил фаолият бошланган “Самарқанд Камалак инвест текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 14,8 миллион доллар бўлган ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Корхона йилига 5,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга, экспорт ҳажми 6 минг АҚШ долларини ташкил қилади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида тумандаги 300 нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди.

“Бунёдкор обод” туманнинг ҳақиқий бунёдкори

“Бунёдкор обод” давлат унитар корхонасида йиллига 11500 куб бетон ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Айни пайтда корхонада 12 турдаги бетон ва темир-бетон масҳулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

- Корхонамиз томонидан туман эҳтиёжи учун асосий турдаги бетон ва темир-бетон маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, - дейди корхона раҳбари Актам Бўриев. – Бугунги кунда бизнинг бетон лотокларимиз Жума шаҳрининг ички йўлларини таъмирлашда ишлатилмоқда. Шунингдек, эскирган симёғочлар ҳам корхонамиздада тайёрланган темир-бетон устунларга алмаштирилмоқда. Темир-бетон устунларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган қум, шағал корхонамиз тасарруфидаги цехларда тайёрланганлиги боис, уларнинг таннархи бошқа корхоналарнинг маҳсулотига нисбатан арзон.

Туманда 44 та уй эҳтиёжмандларга бепул берилади

Туман ҳокимлиги томонидан Гўзалкент массивидаги Пахтакор маҳалласидаги фойдаланилмаётган бўш ер майдонида 44 та уч хонали уй-жой барпо этилмоқда. Туман масъулларининг маълум қилишича, бу уйлар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, чин етимларга бепул берилади.

– Турмушим бузилиб, 15 йилдан бери уйсизман, - дейди Саодат Олтибоева. – Айни пайтда қизим ва унинг икки нафар фарзанди, ўғлим биргаликда яшаймиз. Оилавий шароитимиз оғирлиги учун ўғлим ва неварам Россияга ишлашга кетган эди. Пандемия сабаб улар ҳам оғир аҳволда – на ортга қайта олади, на тайинли ишлайди. Ижарама-ижара юриб, иложсизликдан туман ҳокимига мурожаат қилдим. Ушбу хонадонлардан бирини менга беришди. Ўзим рус тили фани ўқитувчисиман. Шу ҳудуддаги мактабга ишга жойлашдим. Яқин кунларда ўғлим ва неварам ҳам қайтиб келишади. Энди ўз уйимиз бор. Бир оилада тинчгина яшаш бахти насиб этганидан хурсандмиз.

Мазкур ҳудудда “Самарқанд Камалак инвест текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан тикув цехи ташкил қилиниши белгиланган. Келгуси йилда фаолият бошлайдиган тикув цехида яратиладиган 50 иш ўрнига ушбу хонадонларда яшовчилар ишга қабул қилинади.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА