Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пастдарғом туманида 1000 ўринли карантин ҳудуди ишга туширилди
14:44 / 2020-07-27

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги 495 ўринли юқумли касалликлар бўлимлари ҳам беморларни қабул қилишга тайёрланган.


Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бугун вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган брифингда қайд этишича, айни пайтда касалликка чалинган беморларни даволаш учун 1800 ўринли 11 та вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларидан фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, вилоят бўйича 10 500 та (жумладан, Самарқанд шаҳрида 5560 та) захира жой тайёрланган.

Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларидаги 495 ўринли юқумли касалликлар бўлимлари ҳам беморларни қабул қилишга тайёрланган. Шифохоналарнинг барчасида кислород таъминоти тизими мавжуд.

– Яқинда яна захира учун 500 дона кислород балонлари сотиб олдик, соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида 1 та кислород станциясини қуриш ишлари бошланди – деди Э.Турдимов. – Самарқанд олимпия захиралари тайёрлаш мажмуаси 1080 ўринли шифохонага айлантирилмоқда. 3 кун ичида совутиш ва кислород тизими билан тўлиқ таъминланиб тайёр ҳолга келтирилади.

Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисмда 400 ўринли, «Марварид» санаториясида 200 ўринли, шаҳарнинг собиқ туғруқхонасида 200 ўринли – жами 800 ўринли шифохона, шунингдек, шаҳарда тест таҳлиллари ўтказиш учун лаборатория ҳам ташкил этилмоқда. Янги ташкил этиладиган шифохона ва лаборатория Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон ва Иштихон туманлари аҳолиси учун хизмат қилади.

Пастдарғом туманида 1000 ўринли карантин ҳудуди ишга туширилди ва куни кеча чартер рейс билан Россиянинг Владивосток ва Санкт-Петербург шаҳарларидан олиб келинган 450 нафар юртдошларимиз ушбу ҳудудга жойлаштирилди.

Э.Турдимов республика комиссияси қарори билан амалдаги карантин чекловлари 15 августга қадар узайтирилгани муносабати билан вилоят аҳолисига мурожаат қилиб, «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий эътибор қаратиш, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида жорий этилган қоидаларга қатъий амал қилишга чақирди.

– Хабарингиз бор, 31 июль куни Қурбон ҳайити байрамини нишонлаймиз – деди вилоят ҳокими. – Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисида баёноти эълон қилинди. Қурбон ҳайитини карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, ўз оиламиз даврасида ўтказайлик. Айниқса, табаррук ёшдаги азиз инсонларимизни асраб-авайлайлик. Сурункали касали бўлганларга, фарзанд кутаётган келинларга ниҳоятда эътиборли бўлайлик.

Брифингда Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида ташкил этилган СALL марказ ва «Онлайн поликлиника» фаолияти, «103» рақами билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаатлар сони ҳам кескин ошган ва мазкур хизмат учун яратилган имкониятлар, коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларни касаллик кечиши, умумий аҳволини баҳолаб, саралаш учун Самарқанд шаҳрида 11 та, туманларда 16 та врач-инфекционист, эпидемиолог ва умумий амалиёт шифокорларидан иборат 27 та мобил бригада иш олиб бораётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, вилоятда июль ойи бошида тез ёрдам машиналари 280 та бўлгани ҳолда, айни пайтда уларнинг сони 363 тага етказилди. Шунингдек, Жиззахдаги ишлаб чиқарилаётган “Volkswagen» тез ёрдам машиналаридан 10 тасини сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди.