Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паспортдаги ғализликлар ёки “даже“, “уже“лардан қачон фориғ бўламиз?
18:46 / 2020-03-16

“Паспорт столи“дагиларнинг саводию бепарволиги, ўзимизнинг эса қатъиятсизлигимиз, эътиборсизлигимиз боисми, бу каби ҳолатлар ҳозиргача давом этиб келаётганини қандай аташ мумкин?!


Л у қ м а

Газетада ишлаб юрган пайтимда бир ҳарф терувчи қиз бўларди. Ўзининг Клюшовами ёки Клишовами, ишқилиб, мутлақо ўзбекча бўлмаган алламбало фамилиясидан доим уялиб юрарди. Айрим эринмаган ҳамкасб дугоналари қоракўз, қорасоч бу ходимнинг фамилияси нечун ўзбекча эмаслиги сабабини кўп суриштирарди. Қиз эса асли фамилиям “Қиличева“ эди, ҳужжатда шу алфозда кетган, деб нуқул хижолат бўларди. Қизнинг бахти очилиб, турмуш қурдию ўзининг ғалати фамилиясидан қутилиб, Иброҳимова эмас, Ибрагимовага айланди қолди.

Бугун тилимизга муносабат мутлақо ўзгарди. Бироқ ҳужжатларда исм-фамилияларнинг бузилган тарзда акс этиши, устига устак, ўша ярим ўзбекча-ярим русча исм-шариф соҳибининг “паспортда қандай бўлса, шундай ёзасан“ деб оёқ тираб туриб олиши ҳамон давом этаётгани афсусланарли ҳолатдир. Шу билан бирга, ҳужжатларда Халтураев, Халмурзаев, Джаббаров, Жоппар, Айниса, Тахтаев, Мавлюда, Ульмас, Рано, Бунед, Гафур, Кумыш сингари фамилия ва исмлардан ҳамон қутила олмаётганимиз “Паспорт столи“дагиларнинг саводию бепарволиги, ўзимизнинг эса қатъиятсизлигимиз, эътиборсизлигимиз боисми, бу каби ҳолатлар ҳозиргача давом этиб келаётганини қандай аташ мумкин?!

Бугунги кунда фарзандини русийзабон мактабларга бериш истагидаги ота-оналар кўплаб учраши ҳеч кимга сир эмас. Улар буни русча мактабларда билимлар пухта берилиши билан изоҳлайдилар. Алоҳида мавзу бўлишга арзирли, ҳам баҳсли бу масалани ҳозирча очиқ қолдириб, мазкур мактаблардаги болалар, айниқса, бошланғич синфдаги ўғил-қизлар бир-бирларининг исмини қандай чақиришига эътибор қаратмоқчимиз. “Икбалидин“, “Шахрух“, “Дильзўда“, “Акмаль“, “Билалидин“, “Хурсана“, “Сивара“, “Жаха“, “Хмаюн“, “Алишка“... Аслида буларнинг ҳаммаси бири-биридан чиройли ўзбекча исмлардан олинган-ку!

Учинчи синфда ўқийдиган болакай ғалати савол берганидан аммаси ерга кириб кетайин деганди бир куни. “Бабур деган шоир бўлганми? Ахир, Бабур кичкина амакимнинг исмлари-ку“? Аста тушунтириш берганди ўшанда аммаси: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур деган шоир бўлган, бувинг бобонг билан маслаҳатлашиб, Бобурдек мард, саховатли инсон бўлсин деб, яхши ният билан амакингга чақалоқлигида шу исмни қўйганлар“.

Ҳа, бугун она тилимизга давлат сиёсати даражасида эътибор кучайган бир пайтда фарзандларнинг ўз она тилига бу қадар беэътиборлиги, ҳужжатлардаги пала-партишликлар ҳар биримизни ранжитмай қолмайди.

Яқиндагина Ҳазрат Навоий ҳамда Бобурнинг таваллуд саналари муносабати билан мамлакатимизга Афғонистондан бир гуруҳ ўзбек зиёлилари – шоир ва ёзувчилар, муаллимлар, адабиётшунослар келди. Анчайин нотинч диёрдан экани кўзидаги мунгда, камсуқумлигида зоҳир бўлса-да, қалбидаги ғурурни ҳам осон пайқаш мумкин эди. Уларнинг Ўзбекистондаги тинч ва осойишта, фаровон ҳаётга ҳавас қилгани аниқ. Мен эса афғонистонлик ўзбек зиёлиларининг она тилимизда ғоят соф ва мукаммал, чексиз эҳтиром билан сўзлаши, тилга жуда эътиборли муносабатидан ҳайратландим. Эҳтимолки, дилидаги ғурур ҳам она тилига ғоят ҳурмат билан қарашида, деб билдим. Улардан бири замонавий ўзбек адибларининг асарларида баъзан русча сўз ва атамалар кўплаб қўлланилгани сабабли, бу жиҳат асарнинг мазмун-моҳиятини теран англашга, ғоясини очишга ҳалақит этаётганини таассуф билан айтганди.

Аслида китобларимизга ёт тилдаги сўзларнинг кўчиб ўтгани бошқа миллат вакилларининг айби эмас. “Даже“, “уже“, “должен“, “короче“, “вапше“ тарзидаги кўплаб сўзларнинг забонимиздан тушмаётганига, нутқимизнинг тутуриқсизлигига паспортдаги ғализликлар, қоракўзларимизнинг бетакрор жозибали исмларини бузиб, “замонавийлаштириб“ чақираётган ўзимизда эмасми айб?...