Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов, Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси бош директори С.Машин иштирок этган учрашувда Россия Федерациясида ишлаш учун патент расмийлаштириш бўйича хизматларни Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда маълум қилиндики, «Паспорт-виза хизмати» ваколатхонасининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш масаласи, яъни ўзгартиришлар киритилган ташкилотнинг устави ҳозирда Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда Ўзбекистонда патентни рўйхатдан ўтказиш бўйича максимал хизматларни тақдим этилиши, молиявий харажатларни камайтириш билан бирга «виждонсиз воситачилар қўлига тушиб қолиш» нуқтаи назаридан уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
С.Машиннинг сўзларига кўра, миграция рўйхатидан ўтказиш ва тиббий кўрикдан ташқари патентни расмийлаштириш бўйича деярли барча хизматларни Ўзбекистонда ташкил қилиш мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, Россияда патент олиш бир ҳафтадан кўп давом этмайди, келгусида бу муддатни 2-3 кунга қисқартириш режалаштирилган.
Учрашувда мамлакатимизда хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция механизмларини жорий этиш орқали ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини оптималлаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда ушбу соҳада олиб борилаётган ишларнинг учта асосий йўналишлари – жўнаш олдидан тайёргарлик, меҳнат мигрантларини хорижда қўллаб-қувватлаш, чет элдан қайтиб келган меҳнат мигрантларини бирлаштириш ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, томонлар Ўзбекистондаги хизматларни ташкил этиш масалаларини батафсил муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистонда тиббий хизматни ташкил этиш масаласида Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан музокаралар олиб борилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш учун Россиянинг хусусий лабораторияларини жалб қилиш имконияти ўрганилиб, бугунги кунда, “Хеликс” лабораторияси ушбу соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Шу билан бирга, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу лаборатория фаолиятини Ўзбекистонда ташкил этиш имконияти тўғрисида тегишли хулоса бериши керак.
С.Машин меҳнат мигрантларини суғурталаш борасида Россиянинг бир қатор суғурта компаниялари билан музокаралар олиб борилганини ва ҳозирга қадар «Росгосстрах» ва «Ингосстрах» ташкилотлари ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, суғурта полиси Ўзбекистонда расмийлаштирилади ва меҳнат мигранти Россияга кириб келганидан кейин ўз фаолиятини бошлайди.
Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларини Россияга жўнаб кетишдан олдин тақиқ бор-йўқлигини текшириш таклиф қилинди. Паспортнинг нотариал тасдиқланган таржимаси эса Россия қонунчилигига биноан ушбу хизмат паспортнинг асл нусхаси ва эгасининг ўзи бўлганда тақдим этилиши мумкин. Ўзбекистонда таржима қилиш ва уни сертификатлаш учун (муҳр, электрон имзо) Россия нотариусига юбориш кераклиги таклиф қилинди. Ўзбекистон фуқароси Россияга келганидан сўнг, паспортнинг асл нусхасини тақдим этган ҳолда таржимаси билан бирга нотариал тасдиқланган нусхасини олиши мумкин.
Россия Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси ходимларини аниқлаш, уларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан жой ажратиш масалалари ҳал қилинди. Россияда ишлаш учун патент расмийлаштириш бўйича хизматларни Ўзбекистонда ташкил этиш учун биринчи навбатдаги вазифалар «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишга қарор қилинди.