Паспорт олиш ёки алмаштириш бир неча йил олдин негадир мураккаблашиб кетган эди. Одамлар соатлаб, кунлаб навбат кутишига тўғри келган.
Бугунги кунда бу соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 июлдаги “Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан сайёр давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Бундай хизмат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатилади.
Хизматлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб кўрсатилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга уларнинг яшаш жойига бориб, Давлат хизматлари ягона реестрида белгиланган миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини қўшимча тўлов асосида планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида кўрсатилади.
Айни пайтда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига бориб миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, шунингдек, тайёр ҳужжатларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатилмоқда.
Бундай хизматга эҳтиёжи бор фуқаролар миграция ва фуқароликни расмийлаштириш марказининг (71) 200 00 24 рақамига қўнғироқ қилиб, керакли сайёр давлат хизматини буюртма қилиши мумкин. Буюртма тизим ходимлари томонидан тез ва сифатли бажарилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА