Нега кўзларимиз яхшиликни, эзгуликни кўрмайди? Нега кечаги машаққатли кунларни дарров унутдик? Ношукрлик қилмаяпмизми? Нега атрофимизда бўлаётган таҳдид ва таҳликаларга бефарқмиз?
Дунё геосиёсатида кутилмаган тебранишлар, жараёнлар, воқеа-ҳодисалар, таҳдидлар юз бермоқда. Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон урушидан кейин бундай катта масштабдаги инқироз кузатилмаган.
Бу аввало нимани англатади? Тинчлик, озодлик омонат эканлигини, уруш ва тинчликнинг ораси жуда яқинлигини билдиради. Ўз навбатида ер юзидаги мамлакат ва халқлардан янада ҳушёрроқ бўлишни тақозо этади.
Инсоф билан айтганда, 2016 йилдан бошлаб, халқимиз ҳаёти янгиланди, турмуши тубдан яхшиланди. Талаб ва истаклари ортди. Одамлар ўз фикрини, қўрқмасдан айта бошлади. Сўз эркинлиги ҳаётимизга кириб келди. Мустаҳкам ўрин олди...
Лекин фикр билдиришдаги масъулият зиммамизда эканлигини унутмаслигимиз керак. Миллат ва мамлакат манфаатлари, шахсий манфаатларимиздан устунлигини чуқур англашимиз лозим.
Билиб айтилган, машаққатли ва синовли кунлар кимнинг кимлигини кўрсатади.
Бугун бутун дунё муаммолар гирдобида. Жаҳон сиёсати, иқтисоди мушкул аҳволда. Боши берк кўчага кириб қолган. Дунёнинг энг қудратли, ривожланган давлатлари иқтисодида ҳам таназзул юз бермоқда. Кутилмаган қарорлар қабул қилинмоқда. Савдо-сотиқ инфратузилмаси издан чиққан. Нарх-навонинг тизгинини тутиб бўлмаяпти. Эртага нима кутилаётганини ҳеч ким билмайди.
Урушлар, турли келишмовчиликларнинг барчага бирдек таъсири борлигини кўриб-билиб турибмиз. Бутун дунёда бўлгани каби, мамлакатимизда ҳам баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиши кузатилмоқда. Буни ўзига дастак қилиб олиб, давлатимиз обрў-эътиборига путур етказишга уринаётганлар ҳам минг афсуски, учраб турибди.
Вазият давлатимиз назоратида. Четдан келаётган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларда узилиш ёки етишмовчилик юз бергани йўқ. Бозор ва савдо расталари тўлиб-тошган. Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Ҳукуматимиз ҳар қандай иқтисодий йўқотишларга қарамасдан халқимизнинг ғамини ейишга ҳаракат қилади.
Тўғриси, баъзи бир ғаламис кимсаларнинг пана-панадан туриб, тош отаётганини кўриб, эшитиб жим туролмас экан киши.
Ватан, миллат нарх-наво арзон ёки қимматлигига қараб танланмайди, севилмайди. Инсонда аввало, эътиқод бутун бўлиши керак. Шукр қилишимиз лозим. Юртимиз тинч, халқимиз фаровон ҳаёт кечирмоқда.
Бутун дунёда ёқилғи, озиқ-овқат ва бошқа кўплаб маҳсулотларнинг нархи тинимсиз ошиб кетаётганлигини кўряпмиз, эшитяпмиз.
Урушлар натижасида дунё савдо йўллари, бутунлай чалкашиб, ўзгариб кетганлиги, унинг оқибатида ташиш, етказиб бериш харажатлари кундан-кунга қимматлашаётганлиги ҳеч кимга сир эмаску.
Ўзбекистон ҳам мана шу нотинч дунёнинг бир қисми эканлигини ҳисобга олсак, юз бераётган синовларнинг бизни иқтисодимизга ҳам салбий таъсири бор албатта. Бундан тўғри хулоса чиқариб, қийинчиликларни тўғри қабул қилишни, бунинг учун давлатни айбламасликни ўрганишимиз керак эмасми?
Тўғри, озиқ-овқат нархларининг ошиши аҳолини нисбатан кам таъминланган қатлами учун осон эмаслигини тушуниб турибмиз. Лекин бир ҳақиқатдан ҳам, кўз юмиб бўлмайди. Ер юзида бозор иқтисодиёти шароитида халқини Ўзбекистондай ҳимоя қилган давлат бошқа бўлмаса керак.
Бугунги нарх-навонинг ошиши, бу вақтинчалик ҳолат бўлиб, ҳукуматимиз бундай шароитда халқимизни эҳтиёт қилиш чора-тадбирларини кўрмоқда, белгиламоқда. Баъзи бировлар нарх-наво ошишини турлича талқин қилиб, ваҳима кўтараётганлиги ҳам бор гап, бундай одамлардан эҳтиёт бўлишимиз керак.
НОШУКР КИМСАЛАР...
Нархларни белгилаш замирида ички бозорда маҳсулотлар мунтазамлигини таъминлаш мақсади ҳам бор. Аҳолимизни айниқса, озиқ-овқатга бўлган талабини қондириш ва кафолатлаш масаласи доимо ҳукуматимизнинг эътибор марказида туради. Арзон маҳсулотни четга чиқиб кетишига, бунинг оқибатида ўзимизда етишмовчилик юз беришига йўл қўйилмайди.
Тўйларимиз, тадбирларимиз, тўкин-сочинликда ўтмоқда, рўзғорларимиз бут. Буни инкор қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бозор иқтисодиёти келтириб чиқариши мумкин бўлган қийинчиликларни бартараф этишни давлатимиз ҳар доим ўзининг зиммасига олган.
Демак, ҳеч қандай хавотирга, ташвиш чекишга ўрин йўқ. Бозорларда, савдо тармоқларида сунъий навбатларни ташкил қилаётганларга, нархларни асоссиз ошираётганларга Яратгандан инсоф сўрайман.
Бир фикр: ҳеч кузатганмисиз, маҳалла ёки қишлоқда нари борса, ўн нафар қийналган, кам таъминланган оила бор. Лекин юзлаб ўзига тўқ бойлар ҳам бор. Агар улар қўлни-қўлга берса, ўша ҳудудда камбағал, куни ўтмайдиган одам бўлмайди.
"Пашшадан фил ясаш" керак эмас. Бўҳтон ва ғийбат қилувчилар, ёлғон маълумот тарқатаётганлар энг тубан кимсалардир. Аксинча, панд-насиҳатларни кўпайтириб, ёшларни тўғри йўлга бошқариш зарур.
Аҳоли ўртасида саросима, хавотир уйғотиш жуда катта гуноҳ. Ватанга, халққа хиёнатдир. Ўзингизни кўпчиликнинг ғамини егандай қилиб кўрсатиши бас қилинг. Халқни ўйлайдиган давлат бор.
Энг аламлиси, мана шу нохуш, нотўғри гапларни тарқатаётганларнинг асосий қисми ҳеч нарсага муҳтож эмас. Ҳаёти ҳам, турмуши ҳам тўкин. Лекин шунга қарамасдан ношукрлик қилиб, аҳоли ўртасида давлатимизни, ҳукуматимизни обрў-эътиборини туширишга уринмоқда.
Ижтимоий тармоқдами, ўзаро суҳбатдами ёки бирор бир тадбирдами айтилган гап зиммамиздаги масъулиятни соқит қилмайди. Шунинг учун ҳам, ўйлаб, гапиришимиз керак.
Яқин тарихимизда юз берган машаққатларни ҳам дарров унутиб қўймайлик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев кеча-ю-кундуз халқимизни рози қилиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Юз бераётган эзгу ишларга ҳам шукр қилайлик. Ҳаётимиз кундан-кунга ўзгариб, яхшиланиб бораётганини ҳам тан олайлик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ўзининг фейсбукдаги саҳифасида шундай ёзади: "Нарх-навонинг ошишидан асло ташвиш чекманг, зеро, арзончилик вақтида ризқингизни етказган Аллоҳ таоло қимматчилик вақтида ҳам ризқингизни етказаверади. Нарх-наво ошяпти, деб одамлар орасига қўрқинч, ташвиш ва саросима солманг. Аксинча, Аллоҳнинг ваъдасига ишонинг…"
Ҳа, шукроналик ва ўзаро ишонч бор жойда барака, осойишталик, хотиржамлик, меҳр-оқибат ҳукм суради. Шукроналик ризқимизнинг янада ошишига ва зиёда бўлишига олиб келади.
Халқимиз кимнингдир маслаҳатига муҳтож эмас. Ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтамиз. Миллат ва халқ учун энг муҳими, мустақиллик, тинчлик ва бирдамликдир…
Рустам ХОЛМУРОДОВ, Самарқанд давлат университети ректори,
профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси