— Устоз, ҳаммамиз талаба бўлдик!
— Зўр бўлибдику, яратганга шукур меҳнатларимиз зое кетмабди!..
Ярим тундаги бу хабардан устознинг кўзларига қувонч ёшлари қалқди. Хабарни йўллаганлар Қашқадарё вилояти Китоб тумани Равот қишлоғидаги 50-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Парвоз Элмирзаев тайёрлаган 17 нафар 11а-синф ўқувчилари эди. Жорий йилда уларнинг барчаси давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, талабалик бахтига муяссар бўлди.
Туманнинг олис ва чекка ҳудудидаги қишлоқда жойлашган 50-мактаб ва унинг тажрибали педагоглар жамоасининг нафақат туманда балки бутун вилоятда ўзига хос ўрни бор. Чунки мактабда таълим, тарбия ва тартиб биринчи ўринга қўйилган. У ерда Парвоз Элмирзаев каби ўнлаб, тажрибали ўқитувчилар дарс беради.
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан материал тайёрлашни кўнгилга тугар эканмиз, шов-шувларга сабаб бўлган ўша Равот қишлоғидаги 50-мактаб сари йўл олдик.
Манзилга етиб борар эканмиз, ўрганиб қолганимиз ўқувчиларнинг шовқинига тўла мактабнинг аксини гувоҳи бўлдик. Ҳамма ёқ сув қўйгандек жимжит.
Бинога кираверишда турган аёлдан математика ўқитувчиси Парвоз Элмирзаевнинг хонасини сўраймиз. Иккинчи қаватда эканини аниқлагач, тўғри чиқиб бордик.
Истарали, юзига доим табассум югуриб турувчи, ўрта ёшли ўқитувчи ўқувчилардан тест олаётганини таъкидларкан пешвоз чиқди. Бу Парвоз Элмирзаев эди.
Дарсини тамомлагач, бироз суҳбатлашдик. Тайёрлаётган ўқувчиларининг ижобий натижалари ва бунга қандай эришаётгани билан қизиқдик.
[gallery-25500]
— Ўқитувчи мактабга келар экан, барча ғам-ташвишларини ортга ташлаб келиши керак. Битта мақсад фақат ёш авлодга сифатли таълим-тарбия беришни ўйлаши керак, — дейди Парвоз Элмирзаев. — Ўқувчиларим билан доим самимий гаплашаман, лекин қаттиққўллигим ҳам бор. Ўқувчининг юқори кўрсаткичга эришиши унинг оиладаги тарбиясига ҳам боғлиқ. Агар бола тарбияли бўлмас экан, у билан шуғулланиш жуда мураккаблашади. Натижага эришиш қийинлашади. Шу боис тарбия жуда муҳим. Масалан, мактабимизда ўқувчилар 9-синфни тамомлагач, саралаймиз. Касб-ҳунарга қизиқувчиларни ҳунар ўргатадиган ўрта-махсус таълим йўналишларига жўнатамиз, олий таълимда ўқишни давом эттиришни мақсад қилганларни эса олиб қоламиз. Шунинг учун ўқувчиларимизнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи юқори.
— Ўқитувчилик касби ҳақиқатда шарафли касб, уларни бежизга қалб меъмори дейишмаган. Лекин ўтган даврнинг қайсидир йилларида уларнинг обрўйи бироз пасайган пайтлар ҳам бўлди. Педагог сифатида ҳукумат томонидан ўқитувчиларга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар ҳақида нима дея оласиз?
— Рости, 2000 йилда шу мактабда математика фани ўқитувчиси сифатида иш бошлаган бўлсам, битирувчи синф ўқувчилари орасида камдан-кам педагогика йўналишини танлаганлар бўлди, — дейди П.Элмирзаев. — 2015 йилгача тайёрлаган шогирдларимдан бор йўғи 3 нафари ўқитувчи бўлиб етишди. Энди бугунги кун билан қиёсласам, масалан, шу йилнинг ўзида ўқишга кирган шогирдларимнинг 13 таси ўқитувчилик касбига қизиқди. Бу билан нима демоқчиман, бугун ҳукуматимиз томонидан таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган эътибор ва имкониятларни нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар ҳам ҳис қилишмоқда, англамоқда. Негаки айни кунда ўз соҳасини мукаммал ўзлаштирган миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлган олий тоифали ўқитувчилар, бир ставка дарс билан минг доллардан ошиқроқ ойлик маош олиши мумкин. Энг муҳими бу даромад билан бугунги бозор иқтисодиёти даврида яхши яшаши, замонавий уй-жой қуриши, машина миниши мумкин. Масалан, ўзим шундай ўқитувчилар қаторидаман.
Дарҳақиқат, яқиндагина давлатимиз раҳбари Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан қилган мулоқотида ҳам уларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича қатор ташаббусларни билдирди.
Хусусан, 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши, давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг шартномаси суммасига 30 фоиз чегирма берилиши, ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши, педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилиши каби ташаббуслар айтиш жоизки, бутун мамлакат ўқитувчиларини руҳлантириб юборди.
Парвоз Элмирзаев ҳам таълим соҳасида яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган, тажрибали педагоглардан. Ўз соҳасида миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритган, олий тоифага эришган. 25 йиллик фаолияти давомида у тайёрлаган ўқувчилар бугунги кунда мамлакатимиздаги нуфузли олийгоҳларни тамомлаб, жамиятнинг турли жабҳаларида фаолият юритмоқда.
— Математика — фанларнинг ичида шоҳ дегани бежиз эмас, — дейди Парвоз ака. — Бу фанни ҳамма билиши керак. Агар тракторчи математикани яхши билса, у ҳайдаган ердан икки марта кўп ҳосил олиш мумкин. Бу факт. Инженер ҳам, IT чи бўлсангиз ҳам, физик ёки кимёгар бўлсангиз ҳам математикани билиш талаб этилади. Шунинг учун ҳар бир соҳада математика керак. Ҳар битта дарсимни ҳаётий мисолларга боғлайман. Математикани яхши билган ўқувчи бошқа фанларни ҳам яхши ўзлаштиради. Ҳаётда қоқилмайди.
Дарҳақиқат, Парвоз Элмирзаевнинг педагогика соҳасидаги 25 йиллик камтарона меҳнатлари ҳисобга олиниб, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу ютуқ нафақат Парвоз Элмирзаевни, балки бутун мактаб жамоасини мамнун қилди.
— Ҳамкасбимизнинг ютуқларидан жуда қувондик, — дейди 50-мактабнинг олий тоифали она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Чамангул Эгамова. — Мен ҳам шу даргоҳда 2013 йилдан буён фаолият юритаман. Биз каби ёш ўқитувчиларга Парвоз аканинг эришган натижалари мотивация беради. Соҳани чуқурроқ эгаллашга, ўқувчиларга янада сифатли тарбия беришга ундайди.
— Давлатимиз раҳбари томонидан менга берилган мукофот нафақат менга, балки бутун қашқадарёлик ўқитувчиларга бўлган эътиборнинг юксак намунаси дейиш мумкин, — дейди П.Элмирзаев. — Сўнгги йилларда мактаб дарсликлари тубдан ислоҳ қилинди. Вариатив ва танлов синфлари ташкил этилди. Яъни мактаб ўқувчилари ўзи танлаган йўналишга қараб фанларни танлаш имконига эга бўлди. Масалан, иқтисод йўналишини танлаган ўқувчига фақат математика ва инглиз тили фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Кейинги йилларда битирувчи ўқувчиларимиз 100 фоиз ўқишга киряпти. Бунинг ортида меҳнат ва ўқитувчиларга берилаётган имкониятлар турибди. Берилган давлат мукофоти шараф албатта, лекин бу катта масъулият ҳам юклайди. Фаолиятим давомида билдирилган эътибор ва юклатилган масъулиятга, келажак авлодни сифатли ўқитиш ҳамда янада юқори натижаларни қўлга киритиш орқали оқлашга ҳаракат қиламан.
Мактаб остонасидан илк қадам босиб келган ўқувчи оқ қоғоз кабидир. Бу қоғозга нимани ва қандай ёзиш ўқитувчига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ўқувчининг кейинги тақдирида мактабда олган билимлари эса жуда аҳамиятли. Шундай экан шарафли касб эгаларини байрам билан табриклаган ҳолда, машаққатли ва масъулиятли ишларида муваффақият тилаймиз.
Байрамингиз муборак бўлсин азиз устозлар!
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари