-------------
Терроризмга қарши кураш бўйича Марказий Осиё давлатлари минтақавий ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция дастуридаги терроризмнинг тарқалишига олиб келадиган шарт-шароитларни бартараф этишга бағишланган I секция йиғилиши экспертлари – минтақамиздаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтлари таҳлилчиларининг маърузалари қатнашчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
– Терроризмнинг тарқалишига ёрдам берувчи шарт-шароитларни бартараф этишга минтақавий ва глобал миқёсда комплекс ёндашиш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур, – дейди, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов. – Бугун нуфузли халқаро анжуманнинг ялпи мажлиси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси ва БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегиясини амалга ошириш бўйича янгиланган Қўшма ҳаракатлар режаси ушбу ёндашувни илгари суришда муҳим қадам бўлади.
– Анжуман анчайин таҳликали бир вазиятда ўтмоқда, – деди Тожикистон Республикаси стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Парвиз Муҳаммадзода. – Жуда кўп мамлакатларда ёшларнинг террорчилар ўлжасига айланиши тез-тез учрамоқда. Ёш авлод орасида интернетнинг оммалашуви ошгани сари уларни терроричлик ва эстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолиши эҳтимоли ортмоқда. Ёвуз ниятли кучларда ёшларни нотўғри йўлларга бошлаш имконияти ортмоқда. Мақсадимиз терроризмга қарши кураш экан, биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим. Шундагина олдимизга қўйган режаларга эриша оламиз.
У. Маҳмирзаев, ЎзА