Парваришдаги муҳим босқич
Мамлакатимиз пахта хирмонининг баракаси кўп жиҳатдан август ойида агротехник тадбирларнинг нечоғли сифатли бажарилишига боғлиқ.
Мамлакатимиз пахта хирмонининг баракаси кўп жиҳатдан август ойида агротехник тадбирларнинг нечоғли сифатли бажарилишига боғлиқ.Ҳосилнинг чўғи юқори бўлишини истаган пахтакор шу кунларда ғўза бошида парвона. Негаки, пахтачиликда ҳар бир юмуш бир-бири билан узвий боғланган, улардан бирортаси кечикса ёки бажарилмай қолса, ҳосилнинг бир қисми бой берилиши мумкин.
Шуни ҳисобга олиб, бу йилги мавсумга пухта тайёргарлик кўрдик. Жамоамиз аъзолари мавсум давомида назоратни сусайтирмасликка аҳд қилиб, бу борада мутахассисларнинг тавсия ва маслаҳатларидан фойдаланмоқда.
Пахтани техника пиширади, дейишади. Сабаби, ғўза қатор ораларига қанча кўп ишлов берилса, экин ривожи шунча жадаллашади. Ҳосилнинг пишиб етилиш муддати тезлашади.
Тажрибали фермерлар яхши биладики, эрта саҳар ёки тунда ғўза мўртлашиб, синишга мойил бўлади. Шу боис культивацияга пахтазорга қуёш тафти тушгандан кейин киришилмоқда. Ер етилиши билан далага культиватор киритилиб, тупроқ майин қилиб юмшатилмоқда. Бу жараёнда ғўза шохи ва кўсакларга зарар етказмаслик учун техниканинг ишчи органларини «балиқ сирти» қилиб ўраганмиз. Юмшоқлиги ва силлиқлиги таъминланган ускуналар ғўза қатор ораларида безиён юради.
Бу ойда культивация қилишнинг яна бир афзал жиҳати бор. Гап шундаки, далалар бегона ўтлардан бутунлай тозаланади. Бу ғўзанинг илдиз тизимига ҳаво ва иссиқлик яхши ўтиб, баравж ривожланишини таъминлайди.
Тажрибадан яхши биламанки, культивация юмушларини бир кун ҳам кечиктириб бўлмайди. Мабодо бунга йўл қўйилса, жўяклар қуриб, ер ёрилади. Оқибатда ғўза томирлари шикастланади. Энг ёмони, тупроқдаги ҳаво ва сув мувозанати бузилиб, ҳосилдорлик 15-25 фоизгача пасайиб кетиши мумкин.
Албатта, ҳосил тақдири фақат культивацияга боғлиқ эмас. Ҳар бир юмушнинг ўз ўрни бор. Сувчилар билан бамаслаҳат иш юритаётганимиз ҳам ўз самарасини бераётир. Бугунгача қатор ораларига ўн мартадан ортиқ ишлов бердик. Ой охирига қадар яна икки марта культивация тадбирларини бажаришни мўлжаллаб турибмиз. Баҳамжиҳат ишласак, ҳосилдорлик гектаридан ўртача 45 центнерни ташкил этиши аниқ.
Улуғбек Ҳамроев,
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги
«Янги ер» фермер хўжалиги механизатори.