Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Партиянинг беғараз донорлик акцияси
10:59 / 2025-06-10

2005 йил май ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқаро Ассамблеясида дунё давлатлари соғлиқни сақлаш вазирлари якдиллик билан беғараз қон донорлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

Шундан буён ҳар йили 14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни сифатида кенг нишонланади. Мамлакатимизда ҳам мазкур санага бағишланган турли тадбирлар, хайрия акциялари ўтказиш анъанага айланган.

Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган донорлик акцияси Давлатобод туманида жойлашган вилоят қон қуйиш марказидан бошланди. Бу хайрли юмуш аввало, қонга муҳтож беморлар, хусусан болаларга ҳаёт бағишлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Акциянинг дастлабки кунида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган етмишдан зиёд кўнгиллилар иштирок этди. Хайрли тадбирни уюшқоқлик билан ўтказишда партиянинг вилоят кенгаши ходимлари ҳамда Тўрақўрғон, Давлатобод, Учқўрғон, Норин, Косонсой, Чуст, Янги Наманган ва Янгиқўрғон туманлари кенгашлари раислари фаоллик кўрсатди.

Донорлик акциясида фаол кўнгиллилар сифатида, Янгиқўрғон тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи Аҳмадулло Қозоқов ва Илҳомжон Холмирзаев биринчилардан бўлиб қон тоширди.

– Ёрдамга муҳтож инсонлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, халқимизнинг энг улуғ фазилатларидан. Бундай савобли иш ҳар бир инсоннинг қалбида эзгулик ва бағрикенглик туйғуларини шакллантиради, бир-бирига нисбатан меҳр уйғотади, – дейди Мингбулоқ туманидан келган Илҳомжон Орипов. – Яхши ниятда қон топширдим, бу билан кимгадир, албатта, манфаатим тегади. Шунинг ўзи менга қувонч бағишлайди. 

“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги беғараз донорлик акциясининг навбатдаги босқичи вилоят қўриқлаш бошқармасида бўлиб ўтди. Унда партиянинг Наманган шаҳри кенгаши ҳамда қўриқлаш бошқармаси ходимлари фаол қатнашди.

Янги Наманган туман ҳудудий электр тармоқларида ўтказилган кўчма донорлик акцияси ҳамжиҳатлик билан ўтказилди. Даставвал, вилоят қон қуйиш маркази мутахассислари тадбир иштирокчиларига қон топширишнинг инсон саломатлигига таъсири ҳамда одамийлик жиҳатидан аҳамияти хусусида тўхталди. 

Поп туманидаги Миришкор маҳалласидаги ҳарбий қисмда “Адолат” СДП туман кенгаши ташаббуси билан уюштирилган қон топшириш акциясида жасур йигитлар иштирок этиб, шифо масканларида даволанаётган болалар учун беғараз донорлик ёрдамини кўрсатди.

Айни кунга қадар Наманган вилояти бўйлаб ўтказилган донорлик акциясида 179 нафар хайрихоҳ қатнашиб, тиббий таҳлилдан ўтган 91 нафар донордан 44 литрдан зиёд ҳаёт томчиси йиғилди. 

Бундай хайрли ташаббуслар жамиятда инсонпарварлик, ижтимоий масъулият, сахийлик ва бирдамлик туйғуларини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.