18 февраль –“Адолат” СДП ташкил топган кун
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари ва бошқа жамоатчилик вакилларининг ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан 1995 йил 18 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил этилганди.
Айнан шу куни партиянинг таъсис қурултойи бўлиб, партия Низоми ва дас¬турлари тасдиқланди. Буюк бобомиз Амир Темурнинг давлат бошқарувидаги “Куч – адолатда” қоидаси партиянинг асосий шиори сифатида белгиланди.
Қурултой қарори билан партиянинг босма нашри – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ҳам таъсис этилди ва 1995 йил 22 февраль кунидан бош¬лаб мунтазам равишда чоп этиб келинмоқда. Ўша йилнинг ўзида партиямизга 3000 нафардан ортиқ юртдошимиз аъзо бўлишган. Республикамизнинг барча ҳудудларида юзлаб бошланғич партия ташкилотлари ҳисобига маҳаллий ва ҳудудий кенгашлар ташкил топ¬ди.
Хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши 1995 йил 18 майда ташкил этилган бўлиб, партия вилоят кенгашининг биринчи конференцияси ҳам худди шу санада чақирилган эди.
Конференцияда Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгашининг биринчи котиби этиб “Жиззахшартномасавдо” ҳудудий бошқармаси бошқарув раиси Ўринбой Қўлдошев сайланган.
Шунингдек, кейинчалик устозларимиз Қудратилла Рафиқов, Мухтор Эшбеков, Анвар Темиров, Нурмамат Шодиев ҳамда Рустам Тўйчиевлар ҳам партиямизнинг вилоят кенгаши раиси лавозимида фаолият олиб боишган. “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгашиг фаолиятини такомиллаштириш, вилоятда партия нуфузини оширишда уларнинг ҳиссаси катта эканини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим.
Айниқса, кейинги йилларда вилоятимизда партия тарафдорлари сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Биргина мисол, мен 2017 йил партияда ўз иш фаолиятимни бошлаган кезларимда воҳамиздаги жами партия аъзолари сони 14 минг 27 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич шу кунларда 111 минг 480 нафарга етди. Бугунги кунда партиямиз сафида хотин-қизлар улуши 52 фоизни, ёшлар улуши эса 44 фоизни ташкил этади.
Албатта, партия ғоя ва мақсадларини, лойиҳаларини жойларда кенг тарғиб этиш, аҳолининг турли қатламларига чуқурроқ кириб бориш, халқ орасида нуфузи юксалишида фаолларимиз ва депутатларимизнинг хизмати катта.
Партиянинг ўз электорати, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари алоҳида таҳсинга лойиқ.
Бизнинг асосий мақсадимиз Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий-демократик, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва пировардида Ўзбекистоннинг жаҳонда ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига муносиб ҳисса қўшишдан иборатдир.
Бунда эзгу ишларда депутатларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта. Депутатлар халқ вакили, партия нуфузини оширишда асосий роль ўйнайди. Уларнинг фаолияти қанча самарали бўлса, халқнинг партияга бўлган ишончи ҳам шунчалик ортиб боради.
Бугунги кунда маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларимиз 45 нафарни ташкил этиб, улар самарали меҳнат қилишмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят кенгаши ўтган 30 йиллик давр мобайнида бир қанча ташаббусларни илгари сурди. Булардан бири юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш мақсадида “Истеъдод клуби” ташкил этилганидир. Клуб аъзолари доимий фаолият олиб бориши ҳамда машғулотлар ўтказиши учун хона ажратилиб, керакли жиҳозлар билан таъминланган. Вилоятимиз ёшларининг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш борасида клубимизнинг ўрни беқиёс. “Истеъдод клуби” фаол, талабчан, иқтидорли ёшларни ўз атрофига бирлаштирган.
Партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” шиори остида экскурсиялар ташкил этганмиз. Ушбу саёҳатларни ташкил этишимизда Жиззах вилояти ҳокимлиги, ҳомийлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар яқиндан ёрдам бераётир. Бундан кўзланган асосий мақсад ички туризмни ривожлантириш, ёшларга улуғ бобокалонларимизнинг маънавий меросини таништириш, уларда ўзларига бўлган ишонч ва шижоатни янада оширишдир.
Булардан ташқари, наркаманликка қарши “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” донорлик акциялари, “Биз зўравонликка қаршимиз!”, “Қандли диабетга қарши курашиш ҳафталиги” лойи¬ҳалари доирасида кенг кўламли тадбирлар ташкил этиб келмоқдамиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланиб, халқ орасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Партиянинг асосий мақсадларидан бири адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишдир.
Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят кенгаши раиси.
ЎзА