Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Партия хотин-қизларга суянч бўлади
10:39 / 2024-03-12

Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик ва фуқаролик жамиятини шакллантириш, Янги Ўзбекистонни барпо этишда сиёсий партиялар ҳам алоҳида ўринга эга. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий жараёнларда сиёсий партиялар, хусусан, Ўзбекистон ХДП ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Партиянинг Андижон вилоят, шаҳар ва туман кенгашлари, шунингдек, жойлардаги партия депутатлик гуруҳлари, бошланғич ташкилотлари томонидан белгиланган иш режалари ҳамда партия Ҳаракат дастури доирасида аҳоли ўртасида ижтимоий барқарорликни таъминлаш, юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда.    

Бугунги кунда вилоятда партиямиз сафига 60 минг нафарга яқин киши бирлашган бўлса, шундан 31,5 минг нафардан ортиғи ёки 53 фоизи хотин-қизлар, 42 фоиз аъзоларимизни 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бундан ташқари, вилоятдаги меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ташкил этилган 1 минг 100 га яқин бошланғич ташкилотимиз энг асосий ва етакчи кучимиз ҳисобланади.  

Жойлардаги муаммоларни аниқлаш, кенг жамоатчиликка етказиш ва бартараф этиш, аҳоли орасига чуқурроқ кириб бориш мақсадида ҳар бир бошланғич ташкилотимизда партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари масъуллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан “Жамоатчилик қабулхоналари” фаолияти йўлга қўйилган. Фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари,  уларни қийнаётган муаммо ва масалалар тегишли  ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этилмоқда. Жойлардаги қатор масалалар депутатлик гуруҳларимиз ташаббуси билан Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилди.    

Бундан ташқари, партиямиз фаоллари, депутатлик гуруҳлари ташаббуслари билан  бир қатор таълим ва тиббиёт муассасаларидаги муаммолар ўрганилди, уларнинг ечими ва ҳал этиш чоралари бўйича ҳокимлик ва давлат идораларига тегишли таклифлар киритилди.  

Таъкидлаш жоизки, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, муаммоларини ҳал этиш масалалари партиямиз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.  

Ана шу йўналишда ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йил ҳокимликлар, турли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда Избоскан, Пахтаобод ҳамда бошқа туман ва шаҳарларнинг оғир ҳудудлари ҳисобланган  маҳаллаларида “Аёллар бандлигини таъминлаш”, “Ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзуларида ўтказилган тадбирларда аҳоли, хусусан, опа-сингилларимизнинг ҳуқуқий билимлари оширилди, уларнинг қатор муаммолари бартараф этилди. Шу билан бирга, ёшлар ва хотин-қизларнинг хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетишини камайтириш юзасидан жойларда ўтказилган учрашув ва давра суҳбатларига 15 минг нафарга яқин фуқаро жалб этилди.  

Жойларда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилганлар билан бевосита ишлаш бўйича оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар, хонадонма-хонадон ўрганишлар, учрашув ва очиқ мулоқотлар ана шу йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам берди.    

Бундан ташқари, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта ва шаръий никоҳларнинг олдини олиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича партия вилоят кенгаши томонидан амалга оширилаётган “Ажралиш ва шаръий никоҳнинг олдини олишга барча масъул”, “Кийиниш маданияти: ўзлигимизни унутмайлик!”, “Биз – оилавий ажримларга қаршимиз!” лойиҳалари доирасида олиб борилаётган тарғибот тадбирлари ҳам ижобий натижалар бермоқда.  

Мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган жорий йилда партиямизнинг мақсадларига эришиш, юртимиз равнақи, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, хотин-қизлар билан ишлаш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларимиз  изчил давом эттирилади. Бир сўз билан айтганда, партиямиз опа-сингилларимизга суянч бўлади.  

                                                         Муқаддасхон Султонова,

               Ўзбекистон ХДП Андижон вилояти кенгаши раиси.

“Мўътабар аёл” нишони соҳибаси.

ЎзА