Партия ва ОАВ ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади
Андижонда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Андижонда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, партия фаоллари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатидан келиб чиқадиган вазифалар, парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайловлар таҳлили ҳамда партия вилоят кенгашининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги масалалари хусусида сўз юритилди.
Тадбирда партия вилоят кенгашининг 2019 йилдаги фаолияти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайловлардаги иштироки ва сайлов натижалари ҳақида маълумотлар берилди.
– Бўлиб ўтган сайловларда партиямиз кўрсатган номзодлардан 4 нафари Олий Мажлисга, 8 нафари вилоят кенгашига, 83 нафари туман-шаҳар кенгашларига депутат этиб сайланди, – дейди “Миллий тикланиш” партияси вилоят кенгаши раиси Ҳомиджон Омонов. – Бу кўрсаткич, аввалги сайловга нисбатан бир мунча юқоридир. Партиямиздан сайланган депутатлар партия ҳамда сайловолди дастурларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, сайловчилар ишончини қозониш учун бор имкониятларини ишга солади.
Анжуманда Президентимизнинг Олий Мажлисга мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар ижросини таъминлаш, жамиятдаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда партия аъзолари, депутатлар фаоллиги ва масъулиятини ошириш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланганлиги таъкидланди. Шунингдек, бўлиб ўтган сайловлар жараёнида сиёсий партиялар вилоят кенгашлари матбуот хизматлари томонидан олиб борилган тарғибот ишлари самарадорлиги таҳлилига кўра “Миллий тикланиш” партияси вилоят кенгаши матбуот хизмати “Энг намунали матбуот хизмати” деб эътироф этилганлиги айтиб ўтилди.
Матбуот анжуманида партия дастурида белгиланган вазифалар, уларнинг ижросини кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли катта эканлиги қайд этилиб, партия ва ОАВ ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди.