Марказий сайлов комиссиясининг кеча ўтказилган навбатдаги мажлисида юртимиздаги бешта сиёсий партия, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясига жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этишига рухсат берилди.
Эндиликда партиялар олдида ўз сайловолди дастурларини қабул қилиши, уни амалга оширишга муносиб депутатликка номзодларни танлаши лозим.
Айни пайтда “Адолат”социал-демократик партияси ҳам сайловолди дастури лойиҳасини такомиллаштириш учун ҳудудларда партия фаоллари иштирокида оммавий эшитувлар, учрашувлар ўтказмоқда.
Самарқанд шаҳрида партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси юзасидан биринчи оммавий эшитувда “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова иштирок этди.

Партия етакчиси янги сайловолди дастури лойиҳаси халқимиз орзу-истаклари, фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, кўплаб соҳаларда ривожланиш истиқболларини қамраб олиш ва халқчил таклифларни илгари суришда партиянинг келгуси беш йилликдаги стратегик ҳужжати бўлиши кутилаётганини эътироф этди. Қолаверса, ушбу муҳокама жараёни, тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган ҳар бир таклиф ва тавсия дастурни янада мукаммаллаштириш ҳамда амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Муҳаммаджон Валиев партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури лойиҳасидаги ғоя ва таклифлари тўғрисида маъруза қилди.

– Дастур лойиҳаси иқтисодий барқарорликни таъминлаш, партия электорати вакилларининг ижтимоий муҳофазаси ва хотин-қизлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги тенгликни таъминлаш ҳамда давлат бошқарувининг шаффофлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олган, – дейди М.Валиев. – Лойиҳа бир йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб чиқилди. Бунда партия устави ва шу пайтга қадар қабул қилинган асосий дастурларининг танқидий таҳлилига, 150 дан ортиқ хорижий давлатдаги социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия ва ҳаракатларнинг тажрибасини ўрганиш, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишларига эътибор қаратилди.
Тадбир давомида партия аъзолари ҳамда жамоатчилик томонидан таълим сифатини яхшилаш, тиббий суғурталаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ташкилот ва корхоналарда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳам бандлигини таъминлаш юзасидан қўшимча таклиф ва тавсиялар билдирилди. Сайловолди дастурини муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш бўйича илгари сурилган фикрлар экспертлар томонидан ўрганиладиган бўлди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири