Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Партия одам савдосига қарши курашга чақиради
12:23 / 2025-07-06

30 июль – Халқаро одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Биз одам савдосига қаршимиз” ҳуқуқий-тарғибот ойлиги эълон қилинди.

Жумладан, партиянинг Наманган вилояти кенгаши ташаббуси билан Наманган шаҳридаги 51-сонли умумтаълим мактабида ойлик доирасида маърифий тадбир бўлиб ўтди. Одам савдоси каби глобал муаммонинг олдини олиш, фуқароларни хатарлардан огоҳлантириш ва уларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган тадбирда вилоят марказидаги Меҳрибонлик, Даштбоғ ва Равнақ маҳаллалари фаоллари, таълим соҳаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Давра суҳбати тарзида кечган учрашувда “Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши раиси Исроил Жўраев, вилоят адлия бошқармасининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш шўъбаси бошлиғи Дилшод Абдуллаев, Наманган шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили, майор Элшод Мирзаакбаров, халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати Роҳила Мирзаева одам савдосининг бугунги кундаги таҳдидли кўлами, унинг салбий оқибатлари ва бу разил иллатга қарши курашиш механизмлари ҳақида атрофлича сўз юритди. Жабрланувчиларнинг ўз ҳолатини атрофдагиларга қандай маълум қилиши, қайси манзилларга мурожаат этиши ва шошилинч ёдам сўраш тартиби амалий кўрсатмалар орқали тушунтириб берилди.

Дарвоқе, тадбир давомида иштирокчилар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилди. Жумладан, иштирокчилардан бири кекса аёл Р.А. набирасининг хорижда муаммоли вазиятга тушиб қолгани ҳақида айтиб, тегишли маслаҳат ва ҳуқуқий йўл-йўриқлар олди.

“Барча фуқароларимизни ойлик доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этишга чақирамиз. Ўзингиз ва яқинларингизни одам савдосидан асранг, алдов қурбонига айланиб қолманг!”, дейилди тарғибот тадбирида.

Ойлик доирасида вилоятнинг барча ҳудудларида, хусусан, ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда кенг қамровли тадбирлар – аҳоли, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизлар учун ҳуқуқий маслаҳатлар, семинар-тренинглар, учрашувлар, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ўтказилиши режалаштирилган. Қолаверса, одам савдосидан жабрланганларни реабилитация қилиш марказлари фаолияти жамоатчилик назорати тартибида ўрганилади.

Бундай амалий тадбирларнинг тизимли равишда ўтказилиши жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жабрланувчиларга ёрдам бериш механизмларини кучайтириш, айниқса, ёш авлодни бу каби хатарлардан асрашда муҳим аҳамият касб этади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА