Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Партия фаоллари ва тадбиркорлар мулоқоти: вазифалар муҳокамада
11:15 / 2025-09-11

ЎзЛиДеП Навоий шаҳар Кенгаши таркибидаги “Ҳовандамир” бошланғич партия ташкилоти мажлислар залида партиянинг Навоий вилоят Кенгаши ва халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи иштирокида тадбир ташкил этилди.

Унда давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 20 август куни Тадбиркорлар куни муносабати билан ўтказилган очиқ мулоқоти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар, шунингдек, Президентимизнинг 2025 йил 19 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган вазифаларни бажариш юзасидан ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши олдида турган устувор йўналишлар тўғрисида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бизнес учун қулай шароит яратиш натижасида 1 минг 600 та микро корхона бир йил ичида айланмасини ошириб, ўрта корхонага айланди. 143 та корхона йирик бизнес мақомига эришди, яна 122 та кичик корхона йириклар сафига қўшилди. Бизнесни “соя”дан чиқариш чоралари туфайли 139 минг корхонада иш ўринлари кўпайди, иш ҳақи фонди сезиларли ошди.

Депутатлар ва партия фаоллари томонидан саноат соҳасида қўшимча имкониятлар яратиш, тадбиркорларга ер майдон ажратиш, мактаб ва боғчаларнинг бўш турган ерларида хусусий шериклик асосида таълим муассасалари қуриш, тиббиёт кластерларини ташкил этиш, инвестиция платформаларини йўлга қўйиш, туризм салоҳиятини ошириш каби ташаббуслар кенг муҳокама қилинди.

Партиянинг ушбу жараёнлардаги вазифалари, хусусан, партия фаоллари ва барча депутатлар жойларда жамоатчилик назорати ишларини тизимли олиб бориши, тадбиркорлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганган ҳолда ташаббусларини қонунчиликка киритиши, ислоҳотлар ижросида фаол иштирок этиши лозимлигига эътибор қаратилди.

Тадбирда тадбиркорлар ва депутатлар ўз таклиф, мулоҳазаларини билдириб, Президент фармони ҳамда очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, партия фаоллари билан ҳамкорликда жойларда тарғибот ишларини амалга оширишга келишиб олинди.

Тадбир сўнггида “Энг фаол БПТ” лойиҳаси доирасида БПТ раиси ва фаолларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди. 

 А.Бўриев, ЎзА мухбири