Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзЛиДеП фракцияси раиси Актам Ҳаитов Ангор туманида "Бақтрия агро томорқа хизмати" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ислом Худойбердиев яратган мевали боғ билан танишди. Аҳоли томорқаларини бориб кўрди.
Илғор маҳалласи ҳудудида сўнгги йилларда 400 гектар ташландиқ ер ўзлаштирилиб, янги экин майдони яратилди. Шу ернинг 120 гектарида тадбиркор И.Худойбердиев мевали боғ барпо этган.
Айни пайтда тадбиркор бир текис ривожланаётган мевали дарахт кўчатлари қатор орасида полиз маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйган. Унинг аҳамиятли жиҳати шундаки, боғдаги мавжуд майдонлар бир гуруҳ ишсиз ёшларга ижарага берилиб, уларнинг бандлиги таъминланган. Йигит-қизлар ўзларига бириктирилган ерларга эккан тарвуз, қовун ниҳолларини парвариш қилмоқда.
Актам Ҳаитовда тумандаги маҳаллаларда аҳоли томорқаларидан оқилона фойдаланилаётгани ҳам жуда манзур бўлди. Масалан, Бобомурод Жовлиев мўъжазгина томорқаси хонадон эгаларининг мўмайгина қўшимча даромад манбаига айланган.
Суҳбат чоғида Б.Жовлиев жорий йилда биринчи экин сифатида парваришлаган карамдан яхшигина даромад олганини, оила аъзолари билан қилган меҳнатлари самарасини кўрганини, рўзғори тўкин бўлиб қолганини фахр билан таъкидлади. Иккинчи зироатга чорва озуқаси учун маккажўхори экканини айтди.
Томорқа атрофидаги анор дарахтларини кўздан кечирган Спикер ўринбосари Б. Жовлиевга анор боғ ташкил этиш ва иссиқхона қуришни маслаҳат берди. Бунинг учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан кўчатлар етказиб бериш, иссиқхона қуришга ҳам тегишли ёрдам кўрсатиш таклифини илгари сурди.
Ҳудуддаги бошқа томорқа соҳиблари билан суҳбат чоғида ҳам А. Ҳаитов ҳар қарич ердан самарали фойдаланиш бўйича қатор таклиф ва тавсияларини билдирди.
Шу куни Спикер ўринбосари тадбиркорлар билан учрашиб, келгуси икки йилда яна 500 гектар қўриқ ер майдонини ўзлаштириш, у ерга маблағ ажратиш, сув чиқариш каби масалаларни муҳокама этди. Бу ерлар ҳам келажакда кўплаб ёшларнинг бандлигини таъминлайдиган, уларнинг мўл даромад манбаига айланадиган серҳосил ҳудуд бўлишига катта ишонч билдирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА