Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда OʻzLiDeP вилоят Кенгаши аъзолари ва масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Йиғилишни партия вилоят Кенгаши раиси, депутатлик гуруҳи раҳбари Обиджон Хамидов олиб борди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бутун мамлакатимизда бўлгани сингари Бухоро вилоятида ҳам иқтисодиётнинг асосий драйверларидан ҳисобланган тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, соҳа ходимлари учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги туфайли бир қатор микрокорхоналар кейинги пайтда ўз айланма маблағларини ошириш ва ўрта ишлаб чиқариш субъектига айланишга эришди.

Вилоят миқёсида партия фаоллари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида ўтказиб келинаётган ва берилаётган қатор таклифлар ҳамда ташаббусларнинг кейинги йилларда қонунчиликка киритилганлиги соҳани янада ривожлантириш имкониятини яратмоқда.
Қўшма йиғилиш кун тартибига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида илгари сурилган янги ташаббуслар тўғрисидаги масала ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Эътиборлиси, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувлари самараси ўз натижасини бера бошлади. Жумладан, бизнесни тартибга солувчи ортиқча ва бюрократик талаблар 60 фоизга қисқартирилиб, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиблари соддалаштирилди. 300 дан ортиқ лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди. Бизнесни рўйхатга олиш муддати 30 дақиқагача қисқартирилди ҳамда бутунлай онлайн шаклга ўтказилди.

Айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармалари орқали 10 триллион сўмдан ортиқ маблағларнинг ажратилганлиги, шунингдек, имтиёзли кредитлар ставкалари пасайтирилиб, уларнинг муддати узайтирилганлиги ҳам тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолият юритувчи соҳа ходимлари учун айни муддао бўлди. Фойда солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилиб, айланмадан олинадиган ставкалар 2 бараварга камайтирилганлиги ҳам қўшма йиғилиш давомида алоҳида эътироф этилди.
Қўшма йиғилиш иштирокчиларининг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги “Рақамлаштириш соҳасида экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси бўйича ва 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган ишлар шунингдек, келгусида белгиланган устувор вазифаларга қаратилди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг дастлабки 8 ойида 191,0 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, вилоят бўйича бу борада 107 фоиз ўсишга эришилган. Ушбу йўналишдаги ишлар тўқимачилик, нефть, мева-сабзавот, ишлаб чиқариш, электротехника, қурилиш материаллари, ипакчилик, озиқ-овқат, чарм ва жун, фармацевтика ва кимё саноати маҳсулотлари экспорти туфайли қўлга киритилганлиги эътиборга молик.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 206,8 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар экспортини амалга ошириш режалаштирилганлиги ҳам белгиланган топшириқларни талаб даражасида бажарилишидан далолат беради. Вилоятдаги маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 дан ортиқ янги корхонанинг жалб этилганлиги, 14 та давлат билан экспорт масаласи бўйича шартномалар имзоланганлиги йиғилишда тилга олиб ўтилди. Йирик экспортёрлар сонини вилоятда 40 тага етказиш, “экспортчи-бай” ишлаш тизими доирасида белгиланган тадбирларни жадаллаштириш, 10 та хорижий давлатга 20 миллион АҚШ долларлик экспортни таъминлаш, халқаро кўргазма ва ярмаркаларда бухоролик тадбиркорлар иштирокини ташкил этиш ва бошқа бир қатор вазифалар ижросига эришиш шулар жумласидан.
Бугунги кунда хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, лойиҳаларни ишга тушириш, янги истиқболли ишланмалар билан ишлашни жадаллаштириш, экспорт ҳажмларини ошириш борасида ҳам вилоят миқёсида бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш борасидаги ишлар ҳам эътиборга молик. Жумладан, шу йилнинг 9 ойида жами 1 032,3 миллион АҚШ долларлик ана шундай инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилган.
Вақти-вақти билан хорижий инвесторлар иштирокида зум платформаси орқали мулоқотлар ўтказилаётганлиги, вилоят ҳокими бошчилигидаги делегациянинг жорий йил 15-18 май кунлари Россия Федерациясига, Доғистон ва Чуваш Республикалари, Астрахан, Киров ва Пенза вилоятлари расмийлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказганлиги, 12-19 июнь кунлари эса вилоят делегациясининг Хитой Халқ Республикасига хизмат сафари амалга оширилганлиги натижасида умумий қиймати 1,1 миллиард АҚШ долларлик 43 та истиқболли инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Вилоятда инвестицияларни жалб этиш бўйича имкониятлар гарчи етарли бўлса-да, ҳали ишга солинмаган салоҳият ва ресурслар ҳам мавжуд. Бу айниқса текстиль ва тўқимачилик саноати корхоналарида кўзга ташланмоқда. Жумладан, мато ишлаб чиқариш 67 фоиз, уни бўяш 50 фоиз, тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш 45 фоиз, озиқ овқат саноатида гўштни қайта ишлаш 10 фоиз, сутни қайта ишлаш 15 фоиз, мева сабзавот қайта ишлаш 28 фоизни ташкил қилмоқда. Шунингдек, вилоятда етиштириладиган 3,1 минг тонна пилла маҳсулотларини қайта ишлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари ҳам йўқ эмас. Бу эса соҳа мутасаддилари, корхона ва ташкилотларнинг раҳбарларидан мазкур йўналишдаги ишларни қайта кўриб чиқишни ва ўз фаолиятларини давр талаблари даражасида олиб боришларини тақозо этмоқда.
Йиғилиш кун тартибидаги муҳокама этилган масалалар юзасидан сўзга чиққанлар экспортга жўнатиладиган маҳсулотлар сифатини ошириш, рақобатбардошликни таъминлаш кичик, ўрта бизнес вакиллари, йирик корхоналарнинг раҳбарлари зиммасига катта масъулият юклашини, бинобарин нуфузли брендлар остида хорижий ҳамкорлар эътиборига ҳавола этиладиган юқори сифатли буюмлар буюртмачилар томонидан мамнуният билан қабул қилиб олинишига эришишларини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, инвестициявий лойиҳалар ишга тушкунга қадар тадбиркорларга ер ажратиш бўйича белгиланган имтиёзлар хусусида, лойиҳа гуруҳлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, ер, мол-мулк солиғини корхона фойдаланишга топширилгандан сўнг тўлаш, кредит маблағлари ажратилаётганда солиқларни тўлаш муддатларини узайтириш, тайёр маҳсулотлар сифатини назоратдан ўтказувчи лабораторияларни ташкил этиш ва бошқа бир қатор масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Қўшма йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.