Амударё туманида Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан “Ҳорманг, пахтакорлар!” шиори остида амалий тадбир ташкил этилди.
Мамлакатимиз бўйлаб пахта йиғим-терими авжида. Деҳқонларимиз том маънода дала қаҳрамонларидир — уларнинг тинимсиз меҳнати орқали юртимиз равнақ топмоқда.


Дастлаб партиянинг Damas автомашинасида аудио овозда туман маркази ва бозор ҳудудларида тарғибот ишлари олиб борилиб, аҳоли пахта теримига фаол қатнашишга чақирилди. Шундан сўнг партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Амударё туман Кенгашлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, жалқ депутатлари Амударё туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари "Ўрта қалъа" овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Юсуф хожа" ҳамда "Арна бўйи" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Камалов Гулмирза" фермер хўжаликлари пахта далаларида бўлишиб, теримчилар билан мулоқот қилишди. Уларга яратилган шароитлар билан танишишди.

Партия вакиллари ва депутатлар ҳам кун давомида пахта теришиб, хўжалик хирмонига ўз ҳиссаларини қўшишди. Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари ва депутатлар теримда фаол қатнашган теримчиларга миннатдорлик билдиришиб, партиянинг эсдалик совғаларини топширишди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА