Бугунги мураккаб шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги, миллий манфаатларимиз ва халқимиз осуда ҳаётини таъминлаш учун Қуролли Кучларимизнинг ўрни беқиёс.
Шу нуқтаи назардан, ҳарбийлар фаолиятини жамият билан узвий боғлаб бориш, уларда фуқаролик масъулияти, ҳуқуқий онг ва ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш давлат ва жамият олдидаги муҳим вазифалардан бири сифатида намоён бўлмоқда.
“Адолат” социал-демократик партияси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Бўстонлиқ туманидаги ҳарбий қисмда маърифий-ватанпарварлик тадбири ташкил этилди. Унда асосий эътибор ҳарбий хизматни нафақат касб, балки Ватан олдидаги юксак масъулиятли бурч сифатида англаш, ҳарбийларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини янада юксалтиришга қаратилди.
Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибоева, ҳарбий қисм раҳбарияти, Сиёсий Кенгаш Марказий аппарати, партия вилоят кенгаши масъул ходимлари ва ҳарбий хизматчилар қатнашди. Учрашув аввалида меҳмонларга мазкур ҳарбий қисмда яратилган шароитлар кўрсатилди.
Ҳарбийларнинг жанговар чиқишлари, ҳарбий техникалар кўргазмаси ташкил этилди. Шундан сўнг фаоллар залида мулоқот ташкил этилди. Унда сўз олган Озода Парпибоева ҳарбий хизматни юксак фидойилик, сабр-тоқат ва қатъият талаб қиладиган шарафли йўл эканини алоҳида таъкидлади.
Партиянинг мудофаа, ҳарбийлар ва уларнинг ижтимоий ҳимоясига оид ёндашувлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Бунда “Адолат” партияси учун кучли армия – бу фақат қуролли тизим эмас, балки ҳуқуқий кафолатлар, муносиб турмуш ва маънавий барқарорликка таянган тузилма экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, ҳарбий қисм командири, подполковник Суннат Хамраев ҳам сўзга чиқиб, мудофаа соҳада амалга оширилаётган ишлар, яратилган шароитлар, шахсий таркибнинг маънавий-руҳий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва Ватанга садоқат тамойиллари ҳақида фикр билдирди.
– Жараёнда берилган маълумотлар ҳарбий хизматчилар учун, айниқса, муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ҳарбийлар ва партия фаоллари ўртасида очиқ ва самарали мулоқот барчага манзур бўлди. Келгусида ҳам бу каби учрашувларни кўпроқ ташкил этиш лозим, – дейди майор Парвозали Усмонов.
Учрашув сўнгида йиғилганлар ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги бундай мулоқотлар Қуролли Кучлар билан фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилишини эътироф этди. Тадбир давомида бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга намунали фаолияти учун навбатдаги ҳарбий унвонлар, кўкрак нишонлари ва эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев, ЎзА.