Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда товуқларнинг оммавий нобуд бўлаётгани акс этган видеолар кенг тарқалди. Муаллифлар бу ҳолатни “товуқ чумаси” ёки парранда гриппи билан боғламоқда.
Хўш, бу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин, ҳақиқатан ҳам хавф борми ёки бу асоссиз ваҳимами?
- Ушбу мавзуда ваҳима қилишга ҳожат йўқ. Фуқаролардан тасдиқланмаган, манбаси ва манзили аниқ бўлмаган маълумотларга ишонмасликларини сўраймиз дейди, "Паррандасаноат” уюшмаси раисининг ветеринария масалалари бўйича маслаҳатчиси — Пўлат Раҳматуллаев.
Мутахассис халқ орасида “товуқ чумаси” деб аталадиган ҳолатларни одатда, паррандалар орасида учрайдиган вирусли касалликлар билан боғламоқда. Яъни бундай касалликлар тез юқиши мумкин, бироқ илмий асосланган чоралар ўз вақтида қўлланилса, уларнинг олдини олиш ва тарқалишини чеклаш ҳам мумкин.
Касаллик белгилари қандай кузатилади?
“Товуқлар лоҳаслашиб, овқат ва сувдан воз кечади, ахлати яшил рангда бўлади, нафас олишда қийналади. Тухум қўйиши кескин камайиб ёки бутунлай тўхтайди, қисқа вақт ичида бир нечта товуқ нобуд бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда товуқнинг тожи ёки соқолчалари кўкариб кетиши ҳолатлари бир вақтнинг ўзида кузатилса, вазиятга бепарво қараш мумкин эмас” дейди мутахассис.
Қолаверса, паррандачилик соҳасида касалликларнинг олдини олиш, аввало, режали профилактика тадбирлари ва қатъий биохавфсизлик тизимига боғлиқ.
Шу мақсадда, аҳоли томонидан боқилаётган товуқлар йилига ўртача 2–4 марта маҳаллий ветеринария мутахассислари иштирокида профилактик эмлаш ишлари билан қамраб олинади.
Ушбу ўтказилаётган эмлашлар эса паррандалар иммунитетини мустаҳкамлаб, вирусли касалликлар тарқалишининг олдини олади.
Касалликнинг одамлар учун хавфлилик даражаси қандайлиги борасидаги саволимизга Пўлат Раҳмуталлаев шундай жавоб берди:
- Мазкур касаллик асосан паррандаларга хос бўлиб, одамларга юқиш ҳолатлари жуда кам учрайди. Улар, одатда, касал паррандалар билан яқин ва тўғридан-тўғри алоқа натижасида кузатилади. Кундалик ҳаётда санитария қоидаларига риоя этилса, аҳоли учун хавф даражаси паст ҳисобланади.
Ҳозирда республика бўйлаб парранда касалликларини олдини олишга қаратилган амалий чоралар қатъий белгиланган бўлиб, вазият тўлиқ назоратга олинган.
“Барча ҳудудларда ветеринария хизматлари томонидан профилактик тадбирлар, режали эмлаш ишлари ва биохавфсизлик чоралари кучайтирилган тартибда амалга оширилмоқда. Касаллик аломатлари кузатилган ҳолатда тезкор чоралар кўрилиб, тарқалишининг олдини олишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда” дейди, мутахассис.
Агар шу каби ва бошқа касалликлар кузатилса, зудлик билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига ёки “Паррандасаноат” уюшмасининг қуйидаги ишонч телефон рақамига — +998 71 202 12 00 (ички 406, 410) — мурожаат қилиш мумкин.
М.Эшмирзаева суҳбатлашди.