Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари қўллаб-қувватланмоқда
17:56 / 2022-06-22

“Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки “Паррандасаноат” уюшмаси ҳамда Журналистлар ижодий уюшмаси Бухоро вилояти бўлими билан ҳамкорликда Ромитан туманига пресс-тур ташкил этди.

Марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар пресс-тур доирасида тумандаги “Behtarin Group” масъулияти чекланган жамиятида бўлди.

Корхона гўшт йўналишидаги паррандачиликка мўлжалланган. Ушбу тадбиркорлик субъектига “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 2021 йилда 2 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 3,3 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган.

Корхона бугунги кунда тўлиқ ишга тушган бўлиб, бу ерда 30 га яқин янги иш ўринлари яратилган. Келгусида корхонани янада кенгайтириш ҳисобига ишчилар сонини 40 нафардан ошириш режалаштирилган.

Ҳозирда “Behtarin Group” масъулияти чекланган жамиятидада 1 ойда ўртача 75 минг бош жўжа боқиляпти. Маҳсулот асосан ички бозорни таъминлашга мўлжалланган. Шунингдек, яқин ойларда корхона кенгайтирилиб, йил охиригача 90 минг бош жўжа боқилиши натижасида ўртача 180 минг тонна парранда гўшти ички бозорга чиқарилади.

[gallery-7665]

– Кўп йиллардан буён паррандачилик билан шуғулланганман, – дейди корхона директори Феруз Зиёев. – Уйда 500 тагача товуқ боқардик. Паррандачилик соҳасида савдо-сотиқ қилганман. Учта парранда боқиш блоки қурилди. 2021 йилнинг ноябрь ойида корхонамиз фаолиятини бошлади. Гўшт етиштириш учун бролейлар боқишни бошладик. 6 ой деганда натижа беришни бошлади. Корхонамиз 2023 йилда ўз фаолиятини кенгайтириб, 3 та цех қуришни режалаштирган. У ерда парранда учун асосий озуқа – ем ишлаб чиқаришни ва боқилган жўжаларни сўйиш линиясини ҳам ташкил этишни мақсад қилганмиз. Шунингдек яна бир корхонани йўлга қўйишни режалаштираяпмиз. Бу ҳам бўлса парранда тухумини ишлаб чиқаришдир.

– Самарқандданман, бу ерга келгунча кўп жойда ишлаганман, – дейди корхона ишчиси Азиз Ҳусанов. – Афсуски, ўша ишларим кўп ҳам юришавермади. Бу корхона ишга тушгандан сўнг мени ишга таклиф қилишди. Жўжаларни бир кунлигидан 2 ой давомида боқамиз. 6 миллион сўмдан 8 миллион сўмгача маош оламан. Шу ерда барча шароитлар яратилган. 3 маҳал иссиқ овқат, кийим-кечак, ётоқхона мавжуд.

Корхона раҳбари келгусида Ромитан марказидан 20 километр узоқликда жойлашган Хўжа Убон чўлларида яна 50 та иш ўрни яратиш нияти борлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Паррандачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 15 июндаги “Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.

Бу ҳужжатларга кўра, паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи ижросига эътибор қаратилган.

Қарорда қайд этилишича, 2022 йил 1 июндан 400 миллиард сўмгача кредит маблағлари ҳисобидан паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун Марказий банк асосий ставкасида 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача револьвер кредитлар ажратилади.

Бугун республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкига 85 миллион АҚШ доллар миқдоридаги маблағ ажратиш белгиланган. Ҳозирга қадар (биринчи босқичда) 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилган.

Шунингдек, “Микрокредитбанк” АТБ томонидан ўтган давр мобайнида 200 дан ортиқ паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга 491,3 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.



Зариф Комилов, Тоҳир Истатов(сурат), ЎзА