Бугунги кунда мамлакатимизда паррандачилик юқори даромад келтириши, оила бюджетини мустаҳкамлаши ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда етакчи соҳага айланган десак бўлади.
Бухоро вилояти Олот тумани “Давлатбой” маҳалласида яшовчи Жалол Жумаев ҳам бу йўналишда фаолият юритиб, бир йил аввал 100 бош парранда билан иш бошлаган бўлса, бугунга келиб 1 минг 100 бошдан ортиқ турли паррандаларни парвариш қилмоқда.

– Аввалига 100 бош парранда олдик ва натижаси яхши бўлгач, бу ишни кенгайтиришга қарор қилдик. Бугун паррандаларимиз сони минг бошдан ошди бунинг ортидан эса 100 миллион сўмдан ортиқ даромад ҳам кўрдик. Бугунги кунда 700 бош товуқ ва жўжалар, 250 бош ғоз, 50 бош курка, 50 дан ортиқ ўрдак парваришланмоқда. Асосийси, паррандага вақтида озуқа бериш, тозаликка эътиборли бўлиш керак. Парранда тез кўпаяди. Ҳозирча бу ишни ўзимиз бажаряпмиз, келажакда эса кичик фермага айлантириш ниятимиз бор, – дейди Жалол Жумаев.

Ҳар бир парранда тури ўзига хос даромад манбаи. Масалан, битта ғознинг ўртача нархи 350 минг сўм, товуқлар эса 100-150 минг сўм, ҳинд куркалари эса 150 минг сўмдан сотилмоқда. Ушбу оила нафақат паррандачилик, балки қуёнчилик билан ҳам шуғулланмоқда. Ҳозирда хонадонида 100 дан ортиқ қуён парвариш қилинмоқда. Жорий йил давомида 300 бош қуёндан 30 миллион сўм даромад олинган.

Паррандачилик озгина меҳнат, эътибор ва ғамхўрлик эвазига барака келтирадиган соҳа. Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, агар инсон меҳнатсевар бўлса, хоҳ у кичик хонадон шароитида бўлсин, хоҳ фермер хўжалигида, бу соҳа орқали қисқа фурсатда ҳам барқарор даромад топиш, ҳам бозор учун сифатли маҳсулот етказиб бериш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.