Паррандачилик: хазинанинг сири нимада?
Айни пайтда вилоятда паррандачилик йўналишида 85 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда.
Илк қадам қувончлари
Фарғона вилоятида паррандачилик йўналишида тухум етиштириш, озуқа базаси, лаборатория ва инкубаториялар ташкил этиш, товуқ боқиш, сўйиш, бўлакларга ажратиш цехлари, қадоқлаш ва экспортгача бўлган барча жараёнларни умумлаштирган кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, янги лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш борасида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги инновацион ғоя ва технологияларни жалб этиш мақсадида паррандачилик ривожланган давлатларнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилаётир.
Айни пайтда вилоятда паррандачилик йўналишида 85 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг ўзида мазкур йўналишда 10 та истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Натижада паррандалар бош сони 404 минг бошга кўпайди, 170 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
– Паррандачилик корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар импорт қилинаётган озуқа компонентлари, асбоб-ускуна ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилган, – дейди Бешариқ туманидаги “Водий наслли парранда” хусусий корхонаси тасарруфида ташкил этилган паррандачилик кластери раҳбари Боҳиржон Турдалиев. – Тармоқ фаолияти учун муҳим бўлган озуқа базасини яратиш мақсадида 500 гектар ер майдони ажратиб берилди. Бу импортни камайтириш ва экспорт ҳажмини оширишда алоҳида аҳамиятга эга. Чунки озуқа базаси авваллари асосан сотиб олинган бўлса, эндиликда ўзимиз етиштириш имкониятига эга бўлдик.
Истиқболли лойиҳалар
Паррандачилик сердаромад соҳа. Яратилган имтиёз ва имконият кўламларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришга янги техника технологияларни жорий этиш бугуннинг муҳим вазифаларидан.
– Истиқболдаги режага кўра, 2020-2021 йилларда 33 та лойиҳа амалиётга жорий этилади. – дейди вилоят ҳудудий “Чорванасл” маркази директори Илҳомжон Исоқов. – Бу паррандалар бош сонини 5 миллион 231 бошга етказиш, 918 миллиондан ортиқ тухум ва 5 минг 230 тонна парранда гўшти ишлаб чиқариш имконини беради. Ушбу мақсадлар учун 110 миллиард 989 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши белгиланган. Шунингдек, наслчилик ишларини яхшилаш мақсадида “Паррандасаноат” уюшмасига аъзо бўлган хўжаликларга давлат томонидан субсидия ажратилаётгани ҳам тухум ва парҳез гўшт маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, сифатини яхшилаш имконини беради.
Сирасини айтганда, соҳа ривожи йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар паррандачилик тизимини янада тараққий эттириш орқали кафолатли иш ўринлари яратишга хизмат қилади.