Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Паррандачилик билан шуғулланувчиларга 10 йил муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан кредит ажратилади
17:55 / 2022-06-16

Жорий йилнинг 15 июнида Президентимизнинг «Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 апрелдан паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи фақатгина “my.vetgov.uz” сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда тегишли мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига берилади.

Жорий йил 1 июндан паррандачилик хўжаликлари ва омихта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга дон захираси яратиш учун Марказий банк асосий ставкасида 3 ойлик имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача револьвер кредитлар ажратилди.

Шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш мақсадли давлат дастурлари бўйича кредит маблағлари 10 йилгача муддатга 3 йилгача имтиёзли давр билан ажратилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг паррандачилик хўжаликлари ва парранда омихта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун «Микрокредитбанк» АТБга йўналтирилган миқдоридаги маблағларини қайтариш муддати 7 йилдан 10 йилгача 5 йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади.

Тадбиркорларга уларнинг мавжуд қувватларини тўлиқ ишга тушириш учун олдин ажратилган кредитларнинг қайтариш муддати уларнинг аризасига кўра ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифларига асосан 10 йилгача узайтирилади.

«Паррандасаноат» уюшмасига аъзо паррандачилик хўжаликларига 2022 йил 1 июлдан 2024 йил 1 январгача даврда ҳар бир бош 1 кунлик наслдор жўжани импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун субсидия миқдори 12 минг сўм этиб белгиланди.

Парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажмлари йил якунигача камида 35 фоизга оширилиб, 600 минг тоннага етказилади.

ЎзА