French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламентнинг энг ёш депутати: “Менга ҳеч қачон” тўхтаб тур”, “гапирма” деган муносабат бўлмаган
15:35 / 2026-02-16

Мотивация!

Бугун юртимиз ёшлари ўз иқтидори ва юксак салоҳияти билан ҳар бир жабҳада фаоллик кўрсатиб келмоқда. Уларнинг ташаббускорлиги, илғор ғоя ва ишланмалари, лойиҳалари кенг эътироф этилаётгани, ёш йигит-қизларга юксак ишонч билдирилаётгани эътиборга молик. 

Ана шундай салоҳиятли ёшлар парламент фаолиятига ҳам кенг жалб этилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг энг ёш депутати, “Адолат” фракцияси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби Беҳзод Тўхтамуродов парламентдаги фаолияти давомида бир қатор муҳим қонун лойиҳаларига масъул бўлиб, ўзининг салоҳиятини намоён этиб келаётган ёш халқ вакилларидандир. 

1996 йил Тошкент шаҳрида туғилган Беҳзод Тўхтамуродов болалигидан техникага қизиқиб, муҳандислик мутахассислигини эгаллади. Ёшлар фаоли сифатида ўзини кўрсатди. Қуйида ёш депутат ўз фаолияти ҳақида батафсил гапириб берди: 

– Болалигимдан техник жиҳатдан мураккаб бўлган нарсаларни ўрганишга, янги технологиялар ва ихтиролар билан шуғулланишга қизиқардим, – дейди Беҳзод Тўхтамуродов. – Шу сабабли аниқ фанларни чуқурроқ ўзлаштириш мақсадида Тошкент давлат техника университети ҳузуридаги Академик лицейга ўқишга кирдим. Ўқишни якунлаб, 2014 йилда курсдош дўстларим билан биргаликда Европадаги университетларнинг кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтдик. Бир вақтнинг ўзида қизиқишларимдан келиб чиқиб, Тошкент давлат техника университетига ҳам ҳужжатларимни топширган эдим. Талаба бўлгач, таълим жараёнини Ўзбекистонда давом эттиришга қарор қилдим. 

2015 йилда университет раҳбарияти томонидан талаба ёшлар учун инновацион клуб ташкил этилди ва унга турли йўналишларда таҳсил олаётган талабалар аъзо бўлди. Мазкур клуб доирасида бизнинг InnoGroup жамоамиз шаклланди ва инновацион лойиҳалар, хусусан, аддитив технологиялар йўналишидаги лойиҳалар устида иш олиб боришни бошладик. 

2015 йил сўнгида илк 3D принтеримизни ясаб ишга туширдик ва унга “UZDELTA 3D принтери” номини бериб, 3 йил мобайнида унинг кинематик тузилишини такомиллаштириб бордик. Жамоамиз билан республика миқёсида ёшларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган “стартап ташаббуслари” акселерацион лойиҳасида 2018 ва 2019 йиллар ғолиб бўлдик. 2018 йилда Беларусь Республикасида ўтказилган “VIII муҳандислик ва технология йўналишидаги форум”ида “UZDELTA 3D принтери” лойиҳамиз билан иштирок этиб, МДҲ давлатлари орасида иккинчи, 2019 йилда эса биринчи ўринни эгалладик.

Таъкидлаш жоизки, “UZDELTA 3D принтери” лойиҳаси фаолиятимда технологик инновациялар ва илмий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйишга асос бўлди ва InnoGroup инновацион стартап компанияси ташкил этилди. 

2019 йил менинг ҳаётимда унутилмас ва ғурурли онлардан бири сифатида ёдда қолди. Шу йили илк бор юртбошимиз томонидан олий таълим вакиллари билан ўтказилган йиғилишда жамоамиз билан биргаликда лойиҳамиз доирасида яратилган кичик лабораториямиз ҳақида маълумот бердим. Давлатимиз раҳбари лойиҳамизга катта ишонч билдириб, орзуимиз аниқ мақсадга айланишига сабабчи бўлдилар. 

Ажратилган маблағлар ёрдамида 2019-2021 йиллар мобайнида жамоамиз ва университет ҳамкорлигида аддитив технологиялар ишлаб чиқариш кластерини яратдик. 2021 йил октябрь ойида кластерда амалга оширилган ишлар юзасидан давлатимиз раҳбарига лойиҳа тақдимоти ўтказилди ва 3D принтерларни аввало, таълим тизимига жорий этиш бўйича кўрсатма олдик. Дастлаб Олмазор туманидаги барча умумтаълим мактабларига 3D принтерлар жорий этилди. 

2019 йил августда Президентимиз томонидан “Шуҳрат” медали билан тақдирланганим мен учун янги илҳом манбаи бўлди. Ушбу мукофот менинг келгуси фаолиятимга янада кўпроқ куч ва ғайрат бағишлади. Шунингдек, зиммамга катта масъулият юклади. 

Кутилмаганда йил сўнгида “Адолат” социал-демократик партияси томонидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлигига номзодликка таклиф этишди. 23 ёшимда шаҳар Кенгаши депутати сифатида сайландим ва Кенгашдаги энг ёш депутатга айландим. Депутатлик менга жамиятимизнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётини ривожлантириш, сайловчилар манфаатини ҳимоя қилиш, янги ташаббусларни илгари суриш учун имкон яратди.

2020 йилдан бошлаб Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси, 2022 йилдан Ёшлар парламенти раиси сифатида фаолият бошлади. Ёш парламентарийлар билан биргаликда ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва саводхонлиги, ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонунчилик жараёнига ёшларни жалб этиш юзасидан кўплаб ишларни амалга оширдик. 

2024 йилда яна бир бор халқимиз ишончига сазовор бўлиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Адолат” социал демократик партияси рўйхати бўйича депутати этиб сайландим. Парламентда энг ёш депутат бўлиш бу, энг аввало, катта масъулиятдир – ахир қонун ижодкорлиги масалаларини ич-ичигача кириб бориш, уларни таҳлил этиб аниқ таклифлар бериш масаласи қаршимда турганди. 

Президентимиз янги шаклланган парламент билан уч кун кетма-кет тарихий мулоқот қилиб, алоҳида биз ёшларга эътибор қаратган ҳолда халқимиз ишончи билан депутатлик мақомига эришганимизни эътироф этганлари менга янада катта шижоат ва куч берди. 

Қонунчилик палатаси депутати фаолиятида фракция иши алоҳида ўрин тутади. Мен аъзо бўлган “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш, аҳолининг кам таъминланган ва эҳтиёжманд қатламлари учун самарали ижтимоий муҳофаза тизимини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. 

Ҳар ҳафта ялпи мажлис олдидан фракция йиғилишларида кун тартибига киритилган қонун лойиҳалари, қарорлар ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш жараёнида қонун лойиҳалари мазмуни, уларнинг ижтимоий-иқтисодий таъсири, сайловчилар манфаатларига мослиги таҳлил қилинади ва фракциянинг ягона позицияси шакллантирилади. Фракция орқали биз Қонунчилик палатаси мажлислари кун тартиби бўйича таклифлар киритамиз, қонун лойиҳаларига ўзгартириш ва қўшимчалар берамиз, шунингдек, давлат ва ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларига савол ва талаблар билан мурожаат қиламиз.

Шунингдек, Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари қўмитаси аъзоси сифатида инновациялар, рақамли иқтисодиёт ва замонавий ахборот технологияларини жорий этишга қаратилган қонунчилик масалалари устида ҳам иш олиб бораман. 

Депутат сифатидаги фаолиятим жуда қизиқарли ва айни пайтда ниҳоятда хилма-хил. Депутатлик фаолияти фақат қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмайди: доимий таҳлил, савол бериш, жойларга чиқиш, аҳолининг муаммолари ва эҳтиёжларини тинглаш, ҳал қилиш, шунингдек, қабул қилинаётган қарорларни ҳаёт билан уйғунлаштиришни талаб қилади. 

Мақсадим – устозларимиз бошчилигида халқчил, янги инновацион ечимлар билан бойитилган, ёшлар манфаатларини янада кўпроқ ҳимоя қилувчи қонунлар устида ишлаш орқали менга билдирилган ишончни оқлаш.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, фаолиятим давомида менга ҳеч қачон “сен ёшсан, тўхтаб тур”, “кейин гапирасан” ёки “умуман гапирмай қўя қол” деган муносабат билдирилган эмас. Аксинча, Қонунчилик палатасида ёш депутат сифатида билдирилаётган ҳар бир фикр, ҳар бир савол мазмуни ва асоси билан баҳоланади. Янги Ўзбекистон ёшларидан бири сифатида бизларга берилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда менга ишонч билдирилган ҳар жабҳада халқимиз манфаати ва давлатимиз ривожи учун ҳаракат қиламан. Тенгдошларимга, ўсиб келаётган авлодга ҳам даъватим: орзу қилайлик, интилайлик ва янги чўққиларга эришайлик!

Муҳтарама Комилова, ЎзА