Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламентнинг экология қўмитаси экологик соҳада қандай ташаббуслар кўрсатди?
15:30 / 2026-01-23

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан "Press-Lunch" ташкил этилди. Унда қўмита аъзолари ўтган йилда қўмитанинг қонун ижодкорлиги, парламент назорати йўналишида амалга оширган ишлари ва келгусидаги режалари юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берди.

Қўмита раиси Хайрулло Ғаффоров қайд этганидек, 2025 йилда қўмита жами 10 та қонун лойиҳасига масъул бўлган. Мазкур қонун лойиҳалари қурилиш жараёнларида экологик талабларга амал қилиш, дам олиш масканлари ҳудудида қурилишларга йўл қўймаслик, чиқинди билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатларни бартараф этиш ва бошқа бир қатор муҳим экологик масалаларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.  

Шунингдек, қўмита ҳисобот даврида 18 та назорат тадбирини амалга оширган. Жумладан, Экофракция билан ҳамкорликда 3 та парламент сўрови ҳамда битта парламент эшитуви ташкил этилишида ташаббускор бўлган. Қўмита аъзолари томонидан турли масалаларда тегишли ташкилот ва идораларга, мансабдор шахсларга 21 та депутатлик сўрови юборилган.  

Қўмита аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари, назорат-таҳлил тадбирлари давомида бир қатор объектларнинг экологик ҳолати, мавжуд муаммолар, соҳадаги қонунчилик ижроси атрофлича ўрганилган. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган, тегишли мутасаддиларга таклифлар киритилган.  

Матбуот анжуманида қўмитанинг жорий 2026 йилги фаолият йўналишлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, Президент Мурожаатномасидан келиб чиқиб, экологик масала-муаммоларга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 7 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва таклифлар тайёрлаш, 13 та назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш, 12 та илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасидаги мақсадли кўрсаткичларга эришишда қўмита вакиллари фаоллик кўрсатади.  

Матбуот анжуманида қўмита вакиллари журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб берди.

Тадбир доирасида қўмита аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирокида Янгиҳаёт туманидаги Тошкент металлургия заводида "Пресс-тур" ташкил этилди.  

Тошкент металлургия заводи асосан қурилиш, автомобильсозлик ва маиший техника буюмлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Завод бир йилда 300 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳаллий бозордан ташқари маҳсулотларнинг 20 фоизи хорижга экспорт қилинади. Заводнинг экспорт герографияси ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Айни пайтда 14 та давлатга маҳсулотлар экспорт қилинади. Бугунги кунда заводда 800 га яқин ишчи меҳнат қилади. Янги иш ўринларини яратиш борасида ҳам чоралар кўриб борилмоқда.  

Завод фаолияти билан яқиндан танишиш давомида депутатлар заводдан чиқадиган чиқиндиларни қайта ишлаш масалалари билан ҳам қизиқди. Маълум қилинганидек, заводдан чиқадиган қаттиқ маиший чиқиндилар Бекободдаги металлургия комбинати ва “Олмалиқ кон металлургия” акциядорлик жамиятига юборилади ва у ерда қайта ишланиб, хомашё сифатида сотиб олинади.  

Қўмита аъзолари завод фаолиятида қонунчиликда белгиланган экологик талаб ва меъёрларга амал қилиш зарурлиги борасида тегишли таклиф-тавсияларни берди.  

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА