Муносабат
Маълумки, 2015 йилда БМТ томонидан 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш кун тартиби ва унинг 17 та Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) тасдиқланган эди. Мазкур “Кун тартиби, бу – одамзод, сайёра ва фаровонлик йўлидаги ҳаракат режаси” ҳисобланиб, у янада эркинроқ шароитларда умумбашарий тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор тинчлик ва тараққиётни таъминлаш ғоясига асосланган, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти томонидан ўзаро боғлиқ ва глобаллашаётган дунёда мавжуд ёки юзага келадиган асосий муаммоларни ҳамкорликда бартараф этиш учун биргаликда фаол чоралар кўришга йўналтирилган.
Эътиборли жиҳати, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳанг бўлган стратегияларимизга мувофиқ қабул қилинаётган Давлат дастурларига биноан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилинаётган қонунлар мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 10 дан ортиқ халқаро ташаббуслар ҳам БРМга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятли саналади.
Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланди.
Мазкур резолюция парламентлар ўртасидаги мустаҳкам ва конструктив муносабатлар барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш учун муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, парламентларга ўзларининг назорат механизмлари яхши тузилганлиги ва 2030 йилгача бўлган давр учун БРМ тўлиқ амалга оширишга қаратилган миллий тараққиёт режалари ва стратегияларини малакали мониторинг қилиш ва баҳолаш учун эксперт билимлари ва ресурсларига эга бўлишини таъминлашга қаратилган.
Қолаверса, 2022 йил 29 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Сенат Кенгашларининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари ҳақида”ги қўшма қарори қабул қилинди.
Ушбу қўшма қарор БМТ резолюциясида ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларига эришишда парламент, ижроия ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ижтимоий ҳамкорлик ўрнатишга йўналтирилган.
Қарор билан 13 йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб қилиш, тегишли йўналишларда давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш ҳамда давлат гранти танловларини эълон қилиш ҳамда глобал ва миллий БРМга эришиш, резолюциянинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ва “Йўл харитаси” доирасида эришилган натижалар ҳақида миллий ва халқаро жамоатчиликни хабардор қилиб бориш каби устувор вазифалар белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур қўшма қарор Янги Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифаларга эришишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, мамлакатимизни барқарор ривожлантиришни “инсон – жамият – давлат” принципи асосида амалга оширишга хизмат қилади.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА