Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси ўз ишини давом эттирмоқда
11:12 / 2025-04-06

Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси ўз ишини давом эттирмоқда. 2025 йил 5-9 апрель кунлари бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро анжуманда 190 га яқин давлатдан келган 2 мингга яқин делегат, халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Ассамблея биринчи иш кунида учрашувлар, самарали мулоқотлар ташкил этилди. Кун давомида Аёл парламентарийлар бюроси мажлиси, Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди. 

«Тошкент сити конгресс холл»да ассамблеянинг тантанали очилиш маросими ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов, Парламентлараро иттифоқ Президенти Т.Эксон, Бош котиби М.Чунгонг сўзга чиқди.   

Ўзбекистон Президенти ташаббуси асосида ташкил этилган, “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” мавзусида ўтказилаётган Ассамблея доирасида ижтимоий тараққиётга эришиш, адолатли жамиятни барпо этишда парламентлар иштирокини кенгайтириш ва фаоллигини оширишга қаратилган 90 га яқин турли тадбирлар ва дебатлар бўлади.   

Халқаро тадбирнинг иккинчи иш кунида Ассамблея бошқарув қўмитаси, бошқарув кенгаши, Соғлиқни сақлаш бўйича маслаҳат гуруҳи мажлислари ўтказилади. Тинчлик ва халқаро хавфсизлик масалалари бўйича доимий қўмита, Барқарор ривожланиш бўйича доимий қўмиталарда резолюция лойиҳаси муҳокама қилинади. Ёш парламентарийлар форуми кенгаши, Парламентлар бош котиблари ассоциацияси йиғилиши ташкил этилади. “Парламентнинг ижтимоий ривожланиш ва адолат йўлидаги саъй-ҳаракатлари” мавзусидаги умумий мунозаралар бошланади. БМТ ишлари бўйича доимий қўмита бюроси мажлиси бўлади. Парламентлар бош котиблари ассоциацияси вакиллари парламентга ташриф буюриши кутилмоқда.   

Эътироф этиш керакки, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси нафақат ўзининг тарихийлиги, балки бутун мазмун-моҳияти билан жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакатлар барқарор ривожланишини таъминлашнинг муҳим шарти бўлган ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган.   

Норгул Абдураимова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА