Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламентлараро иттифоқ Ижроия қўмитаси йиғилиши  бўлиб ўтди
14:48 / 2025-04-03

Мамлакатимиз пойтахтида парламентаризм оламидаги энг муҳим воқеа – Парламентлараро Иттифоқнинг (ПИ) 150-юбилей ассамблеясига тайёргарлик ишлари давом этмоқда.

Бугун Тошкентда Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитасининг ташкилий масалалар юзасидан йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ПИ раҳбариятига, хусусан, Иттифоқ Президенти Тулия Эксон ва Бош котиб Мартин Чунгонгга Ассамблеяни Ўзбекистонда ўтказишга розилик билдиргани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу тадбирнинг юртимизда ўтказилиши мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг халқаро даражадаги эътирофи экани таъкидланди.

Ижтимоий адолат, камбағалликка барҳам бериш ва заиф қатламларни ҳимоя қилиш масалаларининг долзарблиги қайд этилиб, бу борада парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон парламентининг ПИ фаолиятидаги иштироки тобора фаоллашаётгани эътироф этилиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси ПИ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани қайд этилди.

– Миллий парламентимиз, хусусан, Ўзбекистон Сенати жаҳон кун тартибидаги устувор йўналишлар бўйича ушбу халқаро тузилма билан бундан буён ҳам самарали, конструктив мулоқотни изчил давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирмоқчиман, – деди Сенат Раиси. 

ПИ Ижроия қўмитаси фаолияти юқори баҳоланиб, унинг парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги муҳим аҳамиятига урғу берилди. ПИ билан ўзаро ҳамкорлик доирасида Бухоро ва Тошкент шаҳарларида халқаро парламент форумлари ҳамда ПИга аъзо давлатлар парламентлари аёл раҳбарларининг 14-саммити муваффақиятли ўтказилгани ҳам таъкидланди.

Н.Абдураимова, ЎзА