Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясида Ўзбекистон Сенати раиси муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди
09:44 / 2024-03-26

Швейцариянинг Женева шаҳрида Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 148-Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Бир йилда икки марта ўтказиладиган Ассамблеяда дунёнинг турли мамлакатларидан юзлаб парламент аъзолари, шу жумладан, Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.

ПИ – миллий парламентларнинг глобал ташкилоти ҳисобланади. 130 йил олдин ташкил этилган мазкур тузилма барча мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни рағбатлантирадиган дунёдаги биринчи кўп томонлама сиёсий ташкилотдир.  

Бугунги кунда ПИга 180 миллий парламент ва 15 минтақавий парламент аъзо. Тузилма демократияни тарғиб қилади ва парламентларни кучлироқ, ёшроқ, “яшилроқ”, гендер жиҳатдан мувозанатли ва инновацион институтларга айлантиришга ёрдам беради.

Бу галги Ассамблея “Парламент дипломатияси: тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик учун кўприк яратиш” мавзусига бағишланди.  Асосий эътибор умумий мавзуда делегатларга муҳокама учун платформа яратиш ва парламент фаолиятини кучайтириш юзасидан фикр алмашишга қаратилди.

Ассамблеяда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, тез ўзгариб бораётган ва олдиндан айтиш қийин бўлган халқаро вазият ҳамда давлатлараро муносабатларда бир-бирини тушуниш тобора тақчил бўлаётган бир даврда парламентлар роли ҳар қачонгидан муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани таъкидланди.  

ПИнинг парламент дипломатиясини мустаҳкамлашга қаратилган концептуал тамойилларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган устувор йўналишларга тўхталди. Хусусан, парламент дипломатияси давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлашнинг асосий механизми сифатида низоларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутиши, парламентлар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилиши кераклиги алоҳида қайд этилди.

Иштирокчилар эътибори парламент аъзолари ўртасида ишончли муносабатларни ўрнатишга, умумий муаммо ва вазифаларни ҳал этишга кўмаклашадиган минтақавий ҳамкорлик муҳимлигига қаратилди.

Ассамблеяда автоном қурол тизимлари ҳамда сунъий интеллектнинг ижтимоий ва гуманитар таъсирини бартараф этиш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик: арзон яшил энергиядан фойдаланишни рағбатлантириш ва инновациялар, масъулият ва адолатни таъминлаш бўйича  резолюциялар қабул қилиниши кутилмоқда. Умумий мавзу бўйича якуний ҳужжат  қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.

       

Н.Абдураимова, ЎзА