Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари - Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева ҳамда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия раиси Мақсуда Ворисова мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг Имкониятларда гендер тенглик комиссияси раиси Фатма Аксал бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш мақсадида аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди, хотин-қизларни ҳимоя қилишнинг институционал асослари мустаҳкамланди.
Хусусан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди. Бу аёлларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Қайд этилганидек, соҳада олиб борилган ишлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзолари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг, қарийб, 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Ф. Аксал Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Тадбирда меҳмонларга Қонунчилик палатаси фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва сиёсий партиялар фракциялари иш услуби, парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
- Гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ҳуқуқи ва имкониятини янада кенгайтириш масаласида икки халқнинг қарашлари умумий, - дейди Д.Файзиева. - Тилимиз, динимиз бир, урф одат, анъана ва қадриятларимиз яқин. Бугунги мулоқот чоғида турк ҳамкасбларимиз билан дунёдаги мавжуд халқаро конвенцияларга ҳам тўхталдик. Ушбу ҳужжатлар доирасидаги даврий ҳисоботлар бўйича ҳам фикр алмашилди.
Суҳбат давомида парламентлар ўртасида ҳамкорлик, қонун ижодкорлиги борасидаги умумий фаолият мамлакатларимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозимлиги таъкидланди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда парламентлараро муносабатни янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Гўзал САТТОРОВА, ЎзА